6 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида Акаба жараёни доирасида сунъий интеллект хавфсизлиги масалалари бўйича Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашувида иштирок этди.
Унда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Иордания қироли Абдулла II, шунингдек, Озарбайжон ва Қирғизистоннинг юқори мартабали вакиллари қатнашди.
Учрашувда халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, рақамли технологиялар ривожи билан боғлиқ янги таҳдидлар муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект технологияларининг жадал ривожланиши инсоният учун янги имкониятлар билан бирга хавф-хатарларни ҳам юзага келтираётганини таъкидлади. Шу муносабат билан у сунъий интеллект имкониятларини билим тарқатиш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва инсон салоҳиятини ривожлантиришга йўналтиришни назарда тутувчи «Инсон манфаатлари йўлида рақамли тараққиёт» ташаббусини илгари сурди.
Шунингдек, Ўзбекистон президенти мамлакатда БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси минтақавий офисини очишга тайёрлигини билдирди.
Ушбу офис Марказий Осиё давлатларига террорчилик мазмунидаги материаллар ҳақида огоҳлантириш каналларини ишга тушириш, терроризмни молиялаштириш ҳолатларини аниқлаш, мутахассислар малакасини ошириш ва сунъий интеллектдан самарали фойдаланишда амалий ёрдам кўрсатиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази базасида «Рақамли даврда жаҳолатга қарши маърифат» халқаро дастурини йўлга қўйиш таклиф этилди. Дастур доирасида кўп тилли ахборот ресурсларини яратиш, диний соҳа вакилларини ахборот муҳитида ишлашга тайёрлаш ҳамда исломнинг инсонпарварлик қадриятларини тарғиб қилувчи ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш режалаштирилган.
Президентнинг таъкидлашича, сунъий интеллектнинг келажаги нафақат технологик тараққиётга, балки ундан қандай мақсадларда фойдаланилишига ҳам боғлиқ. Шу боис янги технологиялар таҳдид манбаига эмас, балки тинчлик, хавфсизлик ва инсон тараққиётини таъминлаш воситасига айланиши лозим.
Изоҳ