Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Қарши шаҳридаги 43-сонли мактаб, 1-сонли мактабгача таълим ташкилоти ҳамда Қашқадарё илғор касбий маҳорат техникуми фаолияти билан танишди.
Ташриф давомида мактаб ва боғчадаги шароитлар ўрганилди. Хусусан, боғча биноси авария ҳолатида экани, мактаб синфхоналарида эса совуқ ва эски парталардан фойдаланилаётгани қайд этилди.
«Боғчанинг авария ҳолатида эканини, мактаб синфхоналарида совуқ ва эски парталар турганини кўриш оғир бўлди. Аммо болалик кутиб турмайди ва биз бу муаммоларни зудлик билан ҳал қилишимиз шарт», — деди Саида Мирзиёева.
Маълум қилинишича, эски боғча ўрнида 360 ўринли янги бино қурилади. Мактаб эса тўлиқ таъмирланиб, замонавий лабораториялар, фаолият юритадиган ижодий тўгараклар ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун инклюзив муҳитга эга таълим муассасасига айлантирилади.
Шунингдек, делегация Қашқадарё илғор касбий маҳорат техникумига ҳам ташриф буюрди.
Саида Мирзиёева замонавий техникумда таҳсил олаётган ёшларнинг келажакка ишонч билан интилаётганини ижобий баҳолади. Унинг таъкидлашича, асосий мақсад — болалар боғчага илк қадам қўйганидан бошлаб вояга етгунига қадар муносиб шароитларда таълим-тарбия олишини таъминлаш.
Изоҳ