• БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 12:02

Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолди

Ўзбекистон Марказий банки 2026 йил 4 ноябрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолишга қарор қилди. Қатъий пул-кредит шароитлари инфляцион босимларни чеклаш ва инфляциянинг пасайишини таъминлашга қаратилган.

48
0
uznews.uz

Марказий банк маълум қилишича, сентябрь ойида йиллик инфляция 6,4 фоизни ташкил этди. Бу август ойига нисбатан бироз юқори бўлиб, мева-сабзавотлар, ёқилғи ва айрим хизматлар нархларининг ошиши билан боғлиқ. Базавий инфляция эса 5,5 фоиз даражасида шаклланди.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайишда давом этди. Сентябрь ойида аҳолининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари 8,7 фоизни, тадбиркорларники эса 9,2 фоизни ташкил қилди. Бироқ ички талабнинг юқорилиги ва ташқи иқтисодий шароитлардаги ўзгаришлар инфляцион хатарларни сақлаб қолмоқда.

2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон иқтисодиёти 8,3 фоизга ўсди. Марказий банк йил якунида ялпи ички маҳсулот ўсиши 8 фоиз атрофида бўлишини кутмоқда.

Янгиланган прогнозларга кўра, 2026 йил якунида инфляция 7 фоиз атрофида шаклланиши, 2027 йил охирида эса 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичгача пасайиши кутилмоқда.

Марказий банк асосий ставкани ўзгартирмаслик қарори ички талаб ва ташқи инфляцион хатарларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинганини таъкидлади. Асосий ставка бўйича кейинги қарорлар инфляция динамикаси, кутилмалар ва инфляцион хатарларга боғлиқ бўлади.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 16 декабрга белгиланган.

48
0

Изоҳ