Uzbekistan Airports ва Туркиянинг Pegasus Airlines авиакомпанияси Стамбулдан Бухоро, Андижон ва Термиз шаҳарларига мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришди.
Айни пайтда Қарши ва Нукусга ҳам авиарейсларни очиш юзасидан музокаралар давом этмоқда.
Қайд этилишича, Андижон учун янги қатновлар Стамбул билан илк мунтазам авиақатнов бўлади. Келишувга эришилса, Қарши ва Нукус шаҳарларида ҳам ушбу йўналишда биринчи марта мунтазам рейслар йўлга қўйилади.
Pegasus Airlines парвозлари Стамбулдаги Сабиха Гўкчен халқаро аэропортидан амалга оширилади. Келишилган учта йўналиш бўйича қатновлар 2026 йил декабрь ойидан бошлаб босқичма-босқич йўлга қўйилади.
Бухоро
Бухорога биринчи рейс 2026 йил 14 декабрга белгиланган. Парвозлар ҳафтасига уч марта амалга оширилади: Стамбулдан душанба, чоршанба ва шанба кунлари, Бухородан эса сешанба, пайшанба ва якшанба кунлари.
Андижон
Авиакомпания 2026 йил 18 декабрдан Андижонга парвозларни бошлашни режалаштирмоқда. Рейслар ҳафтасига икки марта: Стамбулдан душанба ва жума кунлари, Андижондан эса сешанба ва шанба кунлари амалга оширилади.
Термиз
Термизга қатновларни 2027 йил 1 мартдан ҳафтасига уч марта йўлга қўйиш режалаштирилган. Стамбулдан парвозлар душанба, пайшанба ва шанба кунлари, Термиздан эса сешанба, жума ва якшанба кунлари амалга оширилади.
Учала йўналишда ҳам Airbus A320/A321 русумли самолётлардан фойдаланиш кўзда тутилган.
Uzbekistan Airports маълум қилишича, янги рейслар Ўзбекистон ва Туркия ҳудудлари ўртасида тўғридан тўғри парвоз қилиш имкониятларини кенгайтиради. Шунингдек, йўловчилар Сабиха Гўкчен аэропортида транзит орқали Европа, Яқин Шарқ ва Pegasus Airlines маршрут тармоғидаги бошқа йўналишларга ҳам сафар қилишлари мумкин.
Маълумот учун, Pegasus Airlines — 1990 йилда ташкил этилган Туркиянинг бюджет авиакомпанияси. У 2005 йилдан бошлаб лоукостер модели асосида мунтазам парвозларни амалга оширади. Авиакомпаниянинг асосий базаси Стамбулдаги Сабиха Гўкчен халқаро аэропорти ҳисобланади. Унинг паркида Airbus ва Boeing русумларига мансуб 129 та самолёт бор. Маршрут тармоғи 50 дан ортиқ мамлакатдаги қарийб 160 та йўналишни қамраб олади.
Изоҳ