Uzbekistan Airports компанияси 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойи якунларини эълон қилди.
Маълум қилинишича, ушбу даврда Ўзбекистон аэропортлари жами 102 836 та авиақатновга хизмат кўрсатган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 фоиз кўп. Шундан 71 625 таси халқаро (+8 фоиз), 31 211 таси эса ички йўналишларга (+17 фоиз) тўғри келади.
Ҳисобот даврида аэропортлар орқали жами 12 662 922 нафар йўловчи ташилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга кўп. Халқаро йўналишларда 10 361 150 нафар, ички қатновларда эса 2 301 772 нафар йўловчига хизмат кўрсатилган. Ушбу кўрсаткичлар мос равишда 13 ва 15 фоизга ошган.
Мамлакатдаги энг йирик авиаузел Тошкент аэропорти бўлиб қолмоқда. У тўққиз ойда 8 489 320 нафар йўловчи ва 62 482 та авиақатновга хизмат кўрсатган. Йўловчилар оқими 16 фоизга, рейслар сони эса 7 фоизга ошган.
Ҳудудий аэропортлар орасида йўловчилар оқими бўйича Самарқанд (1,11 миллион), Урганч (724,4 минг), Фарғона (511 минг) ва Наманган (497,6 минг) етакчилик қилган.
Энг юқори ўсиш суръати Андижон аэропортида қайд этилган. Унда йўловчилар оқими 8,7 бараварга ошиб, 161,4 минг нафарга етган. Компания буни аэропортнинг аэродром мажмуаси кенг кўламли реконструкциядан кейин қайта ишга туширилгани ва ўтган йилнинг мос даврида тўлиқ қувватда ишламагани билан изоҳлаган.
Айрим аэропортларда эса йўловчилар оқими камайган. Жумладан, Наманганда бу кўрсаткич 16 фоизга, Қаршида 22 фоизга пасайган. Компания буни йўналишлар тармоғи ва талабдаги ўзгаришлар, шунингдек, авиакомпанияларнинг геосиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда парвоз жадвалларини ўзгартириши билан боғлаган.
Шу билан бирга, рейслар сони камайган айрим аэропортларда йўловчилар оқими ўсган. Масалан, Фарғона аэропортида авиақатновлар 11 фоизга камайган бўлса-да, йўловчилар сони 5 фоизга ошган. Самарқанд аэропортида эса рейслар сони 2 фоизга қисқарган, йўловчилар оқими ўтган йилги даражада сақланган.
Юк ташиш соҳасида ҳам ўсиш кузатилган. Тўққиз ойда мамлакат аэропортларида 84,8 минг тонна юк ва почта қайта ишланган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 27 фоиз кўп. Ушбу ҳажмнинг асосий қисми — 78 867,9 тоннаси Тошкент аэропорти ҳиссасига тўғри келган.
Uzbekistan Airports маълум қилишича, жаҳондаги геосиёсий вазият, айрим йўналишларда рейслар қисқариши ва бекор қилинишига қарамай, мамлакат аэропортлари хизмат кўрсатилган рейслар, йўловчилар оқими ҳамда юк ва почта ҳажми бўйича ўсишни сақлаб қолган.
Изоҳ