«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ маълумотларига кўра, сўнгги уч ойда қоидабузарларга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар сони қуйидагича ўзгарган:
- августда — 10 843 та;
- сентябрда — 20 286 та;
- 1–26 октябрь кунлари — 21 116 та.
Шундай қилиб, сентябрь ойида августга нисбатан баённомалар сони 87,1 фоизга ошган. Октябрь ойининг дастлабки 26 кунида эса бутун сентябрь ойига қараганда 830 та кўпроқ баённома расмийлаштирилган.
Қоидабузарликларни аниқлашнинг кунлик ўртача кўрсаткичи ҳам ўсган. Августда кунига ўртача 350 та, сентябрда 676 та, октябрь ойининг 26 кунида эса 812 та баённома тузилган.
Жорий йил бошидан 26 октябрга қадар йўл ҳақини тўламаган 134 300 нафар йўловчига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Идора таъкидлашича, баённомалар сонининг кўпайиши фақат қоидабузарликлар ортиши билан боғлиқ эмас. Назорат тадбирлари кўламининг кенгайиши ва қоидабузарларни аниқлаш самарадорлигининг ошиши ҳам бунда муҳим роль ўйнайди.
Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрдан бошлаб автобусларда йўл ҳақини чиқиш пайтида тўлаш талаб этилади. Автобусга чиқишда йўл ҳақини тўламаган йўловчилар чиптасиз йўловчи ҳисобланади.
Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 144-моддаси 5-қисмига асосан, йўл ҳақини тўламаганлик учун 44 минг сўм миқдорида жарима белгиланган.
Изоҳ