Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаментининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Янгиҳаёт туманида ўтказган тадбирда 1995 йилда Самарқанд вилоятида туғилган шахс ва унинг 1994 йилда туғилган аёл ҳамда 2000 йилда туғилган эркак шериклари қўлга олинган.
Маълум қилинишича, улар Gentra автомашинасида туман ҳудудига келиб, 672 та Regapen кучли таъсир қилувчи дори воситасини 4 минг АҚШ долларига сотаётган вақтда ушланган.
Олмазор туманидаги тезкор тадбирлар давомида эса муқаддам Жиноят кодексининг 276-моддаси билан судланган ака-укаларнинг қўлбола усулда гиёҳвандлик моддаси тайёрлагани аниқланган. Улар тумандаги эски тўйхоналардан бирида мунтазам йиғилиш жойини ташкил қилган.
Тўйхона кўздан кечирилганда, гиёҳвандлик моддаси тайёрлаш ва истеъмол қилишда қўлланилган буюмлар, электрон тарози, номаълум суюқлик солинган идиш, шунингдек, ўрамда гиёҳвандлик моддаси аниқланган. Ака-укаларнинг транспорт воситалари ва яшаш манзилларидан ҳам гашиш ҳамда Regapen дори воситалари топилган.
Тезкор суриштирув давомида ака-укаларга гиёҳвандлик воситаларини муқаддам Жиноят кодексининг 276-моддаси билан судланган, 2000 йилда туғилган шахс етказиб бериб келгани маълум бўлган. У давом эттирилган тезкор тадбирда гашиш ва 532 та Regapen дори воситаси билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 276¹-моддаси 3-қисми «в» банди ҳамда 273-моддаси 6-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фуқаролардан шубҳали шахслар ёки уларнинг фаолияти ҳақида маълумотга эга бўлса, Telegram’даги Stop Narko боти орқали хабар беришни сўради.
Изоҳ