2026 йил 3 ноябрдан бошлаб АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) хорижий давлатлардан мамлакатга учадиган барча йўловчилар, жумладан транзит йўловчилар учун декларация (Attestation) тўлдириш талабини жорий этади. Бу ҳақда «Uzbekistan Airways» матбуот хизмати хабар берди.
CDC маълум қилишича, янги қоидалар АҚШга Эбола иситмаси олиб кирилишининг олдини олиш мақсадида жорий этилмоқда. 21 кунлик муддат касалликнинг максимал инкубация даврига, яъни инфекция юққанидан дастлабки аломатлар пайдо бўлгунига қадар ўтадиган вақтга мос келади.маълу
Шу тариқа, 3 ноябрдан бошлаб ҳар бир йўловчи АҚШга учишидан олдинги 21 кун давомида Конго Демократик Республикаси (КДР) ҳудудида бўлмаганини тасдиқловчи қоғоз ёки электрон декларацияни тўлдириши ва имзолаши шарт.
КДР аэропорти орқали транзитдан ўтиш ҳам йўловчининг ушбу мамлакат ҳудудида бўлгани деб ҳисобланади. Бу ҳатто у самолёт ёки аэропортни тарк этмаган ҳолатларга ҳам тааллуқли.
18 ёшга тўлмаган йўловчилар учун декларацияни ота-онаси, васийси ёки бошқа ваколатли шахс тўлдириши ва имзолаши керак.
Декларацияни тақдим этмаган йўловчилар рейсга чиқарилмайди. Била туриб ёлғон маълумот тақдим этиш АҚШ қонунчилигига мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
АҚШга сафар қилишни режалаштираётган фуқароларга янги талаблар билан олдиндан танишиб чиқиш ва декларацияни тайёрлаб қўйиш қатъий тавсия этилмоқда.
Декларация шакли ва батафсил маълумот билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.
Изоҳ