Сўнгги кунларда йирик такси агрегаторлари фаолиятидаги техник носозликлар туфайли шошилинч вақтларда бошқа рақобатчи агрегаторларда ҳам сафарлар нархи бир неча баробарга ошди. Бу фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлди.
Ушбу вазият муносабати билан Рақобат қўмитаси такси агрегаторлари хизматлари нархларини ҳамда улар томонидан инсофсиз рақобат аломатлари мавжудлигини ўрганишни бошлади.
Қайд этилишича, ўрганиш давомида такси нархларининг оширилиши асосли экани ва рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя қилинишига алоҳида эътибор қаратилади.
Такси агрегаторларига қуйидагилар топширилди:
— илова орқали такси хизматлари нархларини белгилайдиган алгоритм созламаларини қайта кўриб чиқиш ва нархларнинг кескин ҳамда сунъий оширилишига йўл қўймаслик;
— ҳайдовчиларнинг ҳисобларига пул ўтказиш жараёнида юзага келган носозликларни бартараф этиш;
— аккаунтлари асоссиз равишда блокланган ҳайдовчиларни блокдан чиқариш;
— ҳайдовчилар томонидан бажарилган буюртмалар учун белгиланган барча бонусларни қайта ҳисоблаш ва тўлаш;
— «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларидан келиб чиқиб, хўжалик юритувчи субъектлар ёки уларнинг манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилувчи бошқа шахслар томонидан рақобатчиларга нисбатан инсофсиз рақобатга йўл қўймаслик;
— ҳайдовчилар ва истеъмолчилар учун кеча-ю кундуз ишлайдиган техник ёрдам марказларининг узлуксиз фаолиятини таъминлаш.
«Рақобат муҳитидаги ҳар қандай ҳаракат истеъмолчилар манфаатларига зид бўлмаслиги, хизматлар нархи ва сифати эса адолатлилик ҳамда шаффофлик тамойилларига асосланиши керак», — дея таъкидлади қўмита.
Шу билан бирга, қўмита агрегаторлар томонидан рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилгани ёки истеъмолчилар ҳуқуқлари камситилгани аниқланса, белгиланган тартибда текширувлар ўтказилиши ва қонунчиликда назарда тутилган тегишли чоралар кўрилишини маълум қилди.
Изоҳ