Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 9 октябрдаги ПФ–217-сон фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири лавозими жорий этилди.
Фармонга мувофиқ, 12 та штат бирлигидан иборат Таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти ташкил этилади. Унинг бешта штат бирлиги Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий ривожланиш масалалари бўлими ҳисобидан, еттитаси эса қайта ташкил этилган вазирликларнинг штат бирликларини мақбуллаштириш орқали шакллантирилади.
Таълим ва илм-фан вазири вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги вазифаларни бажариш бўйича фаолиятига ўз ваколатлари доирасида умумий раҳбарлик қилади ва уларни мувофиқлаштиради.
Янги лавозимга Таълим ва илм-фан вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги, Касбий таълим агентлиги, Инновацион ривожланиш агентлиги, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги, Фанлар академияси ва бошқа ташкилотлар бириктирилган.
Шунингдек, таълим муассасаларида ўқувчи ва талабалар орасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар тарқалиши, тазйиқ ҳамда зўравонлик жиноятларининг олдини олиш бўйича Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорлик қилинади. Ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш масалалари ҳам мувофиқлаштирилади.
Фармон билан Вазирлар Маҳкамасига икки ҳафта муддатда янги лавозимнинг функционал вазифалари ва котибияти тўғрисидаги низомни тасдиқлашни назарда тутувчи қарор қабул қилиш топширилган.
Изоҳ