Шавкат Мирзиёев чоршанба куни пойтахтдаги маҳаллаларни ободонлаштириш ва шаҳар муҳитини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, президентга Яшнобод туманидаги «Ватандош», «Моҳинур», «Ал-Бухорий» ва «Тонг» маҳаллаларини комплекс янгилаш лойиҳаси тақдим этилди. Уларнинг умумий майдони 75 гектарни ташкил этади, бу ҳудудларда 18 386 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Лойиҳа «15 дақиқалик маҳалла» тамойили асосида ишлаб чиқилган. Унга кўра, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, таълим ва тиббиёт муассасалари, дам олиш ҳамда спорт масканлари аҳолига қулай масофада жойлаштирилади.
Ҳудудда яшил майдонлар кенгайтирилиб, уч километрлик сайр хиёбони барпо этилади. Болалар ва спорт майдончалари янгиланади, кўп функцияли спорт иншооти қурилади.
Мавжуд мактабларни кенгайтириш орқали 2 мингта қўшимча ўқувчи ўрни яратиш, 540 ўринли тўртта боғча ва учта поликлиника ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, автомобилларни ҳовлилар ташқарисида жойлаштириш, жамоат транспорти бекатларини янгилаш, хавфсиз пиёдалар ва велосипед йўлакларини барпо этиш таклиф қилинди. 76 та кўп қаватли уйнинг фасадлари ва муҳандислик тармоқлари ҳам янгиланади. Кўчалар ёритилиши яхшиланиб, чиқинди йиғиш нуқталари сони кўпайтирилади.
Тақдимотда келтирилишича, Тошкентда 2027 йилда 100 та, 2030 йилгача эса жами 400 та маҳаллани «15 дақиқалик маҳалла» тамойили асосида комплекс янгилаш режалаштирилган.
Ушбу маҳаллаларда иссиқлик, ичимлик суви, канализация, электр ва газ таъминоти тизимлари, кўчалар ёритилиши, кўп қаватли уйлар фасадлари, йўллар, тротуарлар ҳамда болалар ва спорт майдончалари янгиланади. Шунингдек, ҳар бир аҳолига тўғри келадиган дарахт ва буталар сони халқаро стандартларга мувофиқлаштирилади.
2030 йилгача 400 та маҳаллада 130 мингта янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Шундан 22 мингтаси 2027 йилда 100 та маҳаллада ташкил этилиши режалаштирилган. Бунинг учун банклар «конвейер» лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тизимини йўлга қўяди.
Бундан ташқари, президентга Учтепа туманида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан барпо этиладиган замонавий «Uchtepa City» бизнес маркази лойиҳаси тақдим қилинди.
37 гектар майдонда амалга ошириладиган лойиҳа икки босқичдан иборат. Биринчи босқичда инвестор 26 гектар ҳудудда қурилиш ишлари учун 1 миллиард доллар йўналтиради. Иккинчи босқичда эса қолган 11 гектарда турар жой бинолари ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилади.
Бизнес марказида кўп қаватли турар жойлар, офислар, савдо-кўнгилочар мажмуа, халқаро бренд меҳмонхонаси ва сайр ҳудуди ташкил этилади.
Шунингдек, Ўзбекистон — Туркия дўстлик боғи ва Отатурк кўчасининг архитектура концепциялари ҳам тақдим этилди.
Давлат раҳбари масъулларга лойиҳаларни аҳоли эҳтиёжлари ва шаҳарсозлик талабларини ҳисобга олган ҳолда янада такомиллаштириш бўйича топшириқлар берди.
Изоҳ