Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги «Иссиқлик таъминоти соҳасида бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги лойиҳани жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Ҳужжатга кўра, аҳоли учун марказлашган иссиқлик таъминоти хизматлари тарифларини ҳар йили 1 майдан бошлаб, йиллик инфляция даражасидан келиб чиқиб, кўпи билан 10 фоизга индексация қилиш таклиф этилмоқда. Ушбу тартибни 2028 йилдан жорий этиш режалаштирилган.
Тарифларни индексация қилиш Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг таклифлари асосида амалга оширилади.
Шунингдек, «Иссиқликтаъминоти» АЖ, унинг таркибига кирувчи корхоналар ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида марказлашган иссиқлик таъминоти хизматларини кўрсатувчи корхоналарга шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ иссиқлик юкламалари меъёрларини қайта кўриб чиқиш топширилмоқда.
Бунда иссиқлик юкламалари меъёрлари пасайтирилса, тегишли ҳудуддаги барча маиший истеъмолчилар учун амалдаги тарифлар белгиланган тартибда бир вақтнинг ўзида камайтирилади. Меъёрлар оширилган тақдирда эса тарифлар қайта кўриб чиқилиб, тасдиқлангунига қадар ўзгаришсиз қолади.
Лойиҳа муҳокамаси 28 октябрга қадар давом этади. Уни ушбу ҳавола орқали кўриш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилдан бошлаб электр энергияси ва газ тарифларини йиллик инфляция даражасидан келиб чиқиб, йилига кўпи билан 10 фоизга оширишни назарда тутувчи шунга ўхшаш механизм амал қилмоқда.
Изоҳ