Божхона органлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тадбирларни давом эттирмоқда.
Жумладан, Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида тезкор-қидирув тадбири ўтказди.
Тадбир давомида 47 ёшли фуқаронинг хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, ертўлада қонунга хилоф равишда сақланаётган 84 қутидаги жами 1176 дона «Регапен» дори воситаси аниқланиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Божхона қўмитаси Марказий божхона лабораторияси томонидан ўтказилган суд-кимёвий экспертиза хулосасига кўра, дорилар таркибида жами 352,5 грамм прегабалин кучли таъсир қилувчи моддаси мавжудлиги тасдиқланган.
Амалдаги тартибга кўра, мазкур модданинг 10 граммдан ортиқ миқдори кўп миқдор ҳисобланади ва жавобгарликка сабаб бўлади.
Шунингдек, Бухоро вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан Ғиждувон туманида ўтказилган тадбирда таркибида габапентин кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган 204 дона «Габатен» дори воситасини 1600 долларга сотишга уринган шахс ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ