Ўзбекистонда чақирилувчилар ва контракт асосида хизмат қилувчиларни гиёҳванд моддаларни истеъмол қилган-қилмаганлиги бўйича текшириш тартиби белгиланди. Тегишли ҳужжат Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди.
Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилган-қилмаганлик бўйича тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби муддатли ҳарбий хизматга чақириладиган ҳамда контракт асосида ҳарбий хизматга қабул қилинадиган фуқароларга тааллуқли.
Тиббий кўрик гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ҳолатларини эрта аниқлаш мақсадида Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ва унинг ҳудудий филиалларида ўтказилади.
Муддатли ҳарбий хизматга чақириладиган фуқаролар ҳудудий ҳарбий-тиббий комиссияга юборилишидан олдин, контракт асосида ҳарбий хизматга кираётганлар эса ҳарбий-тиббий муассасада тиббий кўрикдан ўтишидан олдин текширувдан ўтказилади.
Текширув икки босқичда амалга оширилади. Дастлаб сийдик намунаси экспресс-тест ёрдамида текширилади. Натижа ижобий бўлган тақдирда, сийдик ва (ёки) қон намуналарининг масс-спектрометрик текшируви ўтказилади.
Текширув натижаси ижобий бўлган фуқаролар, шунингдек, зарур биологик намуналарни тақдим этишдан бош тортган шахслар ҳарбий-тиббий кўрикдан ўтказишга қўйилмайди.
Таъкидланишича, текширув давомида олинган шахсий маълумотлар, биологик намуналар ва тадқиқот натижалари махфий сақланади.
Изоҳ