Лойиҳа «Яшил шаҳар» концепцияси доирасида амалга оширилмоқда. Бинолар бўшатилганидан сўнг Тошкент шаҳар онкология марказининг асосий қисми яқин атрофдаги маҳаллалар аҳолиси ва барча шаҳарликлар учун очиқ бўлган яшил паркка айлантирилиши режалаштирилган.
Бунда Ёшлар шаҳарчаси парк ўрнини босмайди ва яшил ҳудуд майдонини қисқартирмайди. Ўқув ва ижодий марказлар, кутубхона, коворкинг маконлари, симуляцион устахоналар ҳамда стартап-студиялар аллақачон мавжуд бўлган бинолар ичида жойлаштирилади. Уларни сақлаб қолиш, реконструкция қилиш ва янги таълим, ижодий ҳамда жамоат функцияларига мослаштириш режалаштирилган.
Алоҳида таъкидланишича, лойиҳада бизнес-офислар ва бошқа тижорат объектларини қуриш кўзда тутилмаган. Бинолар атрофидаги ҳудуд ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилади.
Шундай қилиб, 4,36 гектарлик участканинг асосий қисми яшил парк учун ажратилади, мавжуд бинолар эса Ёшлар шаҳарчасининг бир қисмига айланиб, жамоат мақсадларида фойдаланилади.
Шунингдек, бўлажак маконнинг рендерлари ва тақдимотдан айрим лавҳалар ҳам намойиш этилди. Ҳокимият аҳоли саволларига жавоб бериш ва лойиҳани муҳокама қилишга тайёрлигини билдириб, ҳудудни яшил ва шаҳарликлар учун очиқ сақлаш муҳимлигини таъкидлади.
Изоҳ