• 11 795 сўм
    -25.52
  • 13 686 сўм
    1.12
  • 139 сўм
    -0.38
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 11 795 сўм
    -25.52
  • 13 686 сўм
    1.12
  • 139 сўм
    -0.38
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Жамият Бугун, 17:36

Ўзбекистонда автотураргоҳларни лойиҳалашга қўйиладиган янги талаблар тасдиқланди — асосий ўзгаришлар

Тоғли ҳудудлар ва сув ҳавзалари яқинидаги автотураргоҳлар учун янги хавфсизлик талаблари жорий этилди. Туристик объектларда эса автотураргоҳлардаги автомобиллар жойи сони ташриф буюрувчиларнинг энг юқори мавсумий кўрсаткичи ҳисобга олинган ҳолда белгиланади. Янги меъёрлар электромобиллар учун қувватлаш станцияларини жойлаштириш тартибини ҳам белгилайди.

165
0
uznews.uz

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларидаги «Автотураргоҳлар» бўлимига ўзгартиш ва қўшимчаларни тасдиқлади.

Туристик объектлар яқинидаги автотураргоҳлар

Туристик объектлар ҳудудида жойлашган автотураргоҳлардаги автомобиллар жойи сони энди ташриф буюрувчилар энг кўп бўладиган мавсумий давр ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши керак.

Тоғли ҳудудлардаги автотураргоҳларга янги талаблар

Энди тоғли ёки тоғолди ҳудудларида автотураргоҳ қурилишидан олдин муҳандислик-геологик ҳамда муҳандислик-гидрометеорологик тадқиқотлар ўтказилиши зарур.

Мутахассислар кўчкилар, тошқинлар, сел оқимлари, қор кўчкилари ва эрозия жараёнлари, фаол сейсмик ёриқлар ҳамда бошқа хавфларнинг мавжудлиги ва чегараларини аниқлаши керак. Тадқиқотлар натижасига кўра, ер майдонининг қурилиш учун яроқлилиги белгиланади.

Автотураргоҳларни табиий сув оқимлари, сел оқимлари ўзанлари, фаол кўчкилар ва қор кўчкилари тушиши мумкин бўлган ҳудудларда, шунингдек, тошлар қулаши эҳтимоли бўлган ҳисобий траекторияларда жойлаштириш тақиқланади.

Рампалар ва музлашдан ҳимоя қилиш бўйича чекловлар

Тоғли ҳудудлардаги автотураргоҳлар рампаларга нисбатан алоҳида талабларга жавоб бериши керак. (Рампа — автомобиллар қаватлар орасида юқорига кўтарилиши ёки пастга тушиши учун мўлжалланган нишаб йўлак.)

Тўғри рампанинг бўйлама нишаби 15 фоиздан, эгри рампаники эса 12 фоиздан ошмаслиги керак. Очиқ участкалар ва музлаш хавфи мавжуд жойларда маҳаллий иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда нишаблик 8–10 фоиз бўлиши лозим.

Очиқ рампалар ва йўллар сирпанишга қарши қопламага эга бўлиши керак. Музлаш хавфи мавжуд ҳудудларда муз ҳосил бўлишининг олдини олувчи муҳандислик ечимлари назарда тутилиши зарур.

Сув ҳавзалари яқинидаги автотураргоҳлар

Сув объектлари яқинида автотураргоҳлар қуришда Сув кодексида белгиланган сувни муҳофаза қилиш зоналари, қирғоқбўйи ҳудудлари ва санитария муҳофаза зоналарига риоя қилиниши керак.

Бундай автотураргоҳлардан чиқадиган ифлосланган юзаки оқова сувлар алоҳида йиғилиши ва сув ўтказмайдиган новлар ёки ёпиқ қувурлар орқали тозалаш иншоотларига йўналтирилиши лозим.

Юзаки оқова сувларни тозалаш иншоотлари 100 тадан ортиқ автомобиллар учун мўлжалланган барча автотураргоҳларда ҳам назарда тутилиши керак.

Электромобиллар учун қувватлаш станциялари

Меъёрларга кўра, автотураргоҳларда ички ёнув двигателига эга автомобиллар, электромобиллар ва гибрид автомобилларни биргаликда жойлаштиришга рухсат берилади.

Шу билан бирга, автотураргоҳлар ичида электромобиллар ва гибрид автомобиллар учун қувватлаш станцияларини фақат биринчи ер ости (−1) ёки биринчи ер усти (+1) қаватида ўрнатишга рухсат берилади. Илгари кўп қаватли автотураргоҳларнинг юқори қаватларида ҳам электрозарядлаш станцияларини ўрнатишга рухсат этилган.

Қувватлаш станцияларини очиқ майдончаларда, шунингдек, конструктив ёнғин хавфи бўйича C0 ва C1 синфларига мансуб очиқ ва ёпиқ автотураргоҳларда ўрнатишга рухсат берилади.

Қувватлаш станциялари билан жиҳозланган автомобиллар жойлари ташқи деворлар яқинида жойлаштирилиши керак.

Велосипед, мотоцикл ва скутерлар учун жойлар

Автотураргоҳларда мотоцикллар, электромотоцикллар, мопедлар, скутерлар ва велосипедлар учун алоҳида жойлар ажратилиши керак. Улар махсус белгилар билан кўрсатилиши лозим.

Бундай жойлар пиёдалар кириш жойлари яқинида, кўринадиган ва ёритилган ҳудудларда жойлашиши ҳамда пиёдалар ҳаракатига халақит бермаслиги керак.

Велосипедлар учун ажратилган жойларда велосипед рамаси ва камида битта ғилдиракни қулф билан маҳкамлаш имконияти бўлиши лозим.

Тўсиқлар ва эвакуация чиқиш жойлари

Автотураргоҳларнинг очиқ қаватларида ва автомобилнинг пастга тушиб кетиш хавфи мавжуд бўлган бошқа жойларда пол ёки рампа сатҳидан камида 1,2 метр баландликда тўсиқлар ўрнатилиши керак. Тўсиқлар юк кўтарувчи конструкцияларга маҳкамланиши лозим.

Шунингдек, энг узоқда жойлашган автомобил ўрнидан энг яқин эвакуация чиқиш жойигача бўлган максимал масофалар ҳам белгиланди.

Ер ости автотураргоҳларида, агар автомобил жойи икки эвакуация чиқиш жойи орасида жойлашган бўлса, бу масофа 40 метрдан, хона ёки ҳудуднинг берк қисмида жойлашган бўлса, 20 метрдан ошмаслиги керак.

Ер усти автотураргоҳлари учун эса ушбу масофалар тегишлича 60 ва 25 метр этиб белгиланган.

Автотураргоҳ учун тўлов ва бўш жойларни қидириш

Автотураргоҳларни лойиҳалашда автоматлаштирилган назорат ва бошқарув тизимларини назарда тутишга рухсат берилади. Улар автомобилларнинг кириши ва чиқишини назорат қилиш, тўхтаб туриш вақтини ҳисобга олиш, тўлов миқдорини аниқлаш ва тўлов амалга оширилганини қайд этиш учун қўлланилиши мумкин.

Шунингдек, бўш автомобил жойлари мавжудлиги ҳақида маълумот берувчи ва ҳайдовчиларни уларга йўналтирувчи тизимларни ўрнатишга ҳам рухсат берилади.

165
0

Изоҳ