Бугун Хоразмда давлат раҳбари иштирокида тадбиркорлар билан очиқ мулоқотга бағишланган учрашув бўлиб ўтмоқда. Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар томонидан кўтарилган масалалар асосида янги ташаббусларни эълон қилди.
Биринчи йўналиш — тадбиркорликнинг барқарор ўсиш траекториясини таъминлаш.
Қайд этилганидек, банклар кредит портфелида кичик бизнеснинг улуши 45 фоиздан 63 фоизга ошган. Фақат жорий йилнинг биринчи ярмида кичик ва ўрта бизнесга 76,5 триллион сўмлик ресурс ажратилган.
Яқинда «Кредит хизматларининг ягона рақамли портали» иш бошлади. Тадбиркор битта ариза топширади, банклар эса мижоз учун рақобатлашади. Эндигина бизнес бошлаётганлар онлайн тарзда 5 миллиард сўмгача кредит расмийлаштириши мумкин.
Энди бизнес ривожининг ҳар бир босқичига мос яхлит экотизим яратилади. Янги тадбиркорлар учун «Бизнес-старт», ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлар учун «Бизнес-лифт», ривожланишнинг янги босқичига ўтаётганлар учун эса «Бизнес-ўсиш» дастурлари жорий этилади.
«Бизнес-старт» дастури доирасида тадбиркорлар сунъий интеллект ёрдамида лойиҳалар ишлаб чиқиш, кредит ҳужжатларини расмийлаштириш ва ҳисобот юритишни ўрганади. Бу мақсадлар учун 100 миллиард сўм ажратилади. Тадбиркорларга тайёр бизнес-режа ва 200 миллион сўмгача гаровсиз кредит тақдим этилади.
«Биз тадбиркорларга шунчаки кредит бериш тизимини эмас, балки уларни дастлабки қадамдан йирик бизнесга айланишига қадар қўллаб-қувватлайдиган комплекс тизимни яратамиз», — деди давлат раҳбари.
Шунингдек, кичик тадбиркорлар учун асосий муаммолардан бири гаров таъминоти экани таъкидланди. Шу муносабат билан «контркафолат» тизими жорий этилади. Бу тизим бизнеснинг ҳақиқий қийматини баҳолаш асосида кредит ажратиш имконини беради.
10 миллиард сўмгача бўлган кредитларда гаров таъминотининг 30 фоизини давлат, 30 фоизини Тадбиркорликни кафолатлаш компанияси, 15 фоизини банклар ўз зиммасига олади. Тадбиркорнинг ўзи эса 25 фоиз гаров тақдим этиши кифоя бўлади.
Изоҳ