Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи доирасида Урганч халқаро аэропортини кенгайтириш ва модернизация қилиш лойиҳаси билан танишилди.
Аэропорт 1960 йилда ишга туширилган, 1992 йилда унга халқаро мақом берилган. Умумий майдони 285 гектардан ортиқ бўлган мажмуа бугунги кунда ўнга яқин йирик авиакомпаниянинг мунтазам қатновларига хизмат кўрсатмоқда.
Жорий йилда аэропорт томонидан 126 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоизга кўп.
Урганч халқаро аэропортини кенгайтириш ва модернизация қилиш учун 264 миллион доллар инвестиция йўналтирилган. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда. Хусусий шерик сифатида Жанубий Кореянинг «Incheon International Airport Corporation» компанияси жалб қилинган.
Реконструкция доирасида аэропортда «Boeing 747» ва «Airbus A350» каби кенг фюзеляжли самолётларни қабул қилиш имконияти яратилмоқда. Бу Хоразмга дунёнинг турли қитъаларидан тўғридан-тўғри, транзитсиз узоқ масофали парвозларни йўлга қўйиш имконини беради.
Лойиҳанинг биринчи босқичида 18 та самолёт тураргоҳи ва янги бурилиш йўлаги қурилади. Шунингдек, замонавий чегара назорати ва виза бўлимлари, бизнес-зал, савдо ва овқатланиш шохобчалари, 24 соатлик тиббиёт пункти ҳамда «Duty Free» зонаси ташкил этилади.
Лойиҳа тўлиқ якунлангач, аэропортнинг йўловчиларга хизмат кўрсатиш қуввати соатига 300 нафардан 1 300 нафаргача оширилади.
Изоҳ