АҚШнинг 29 штати Meta компаниясига қарши суд жараёнида иштирок этмоқда. Компания Facebook ва Instagram платформаларини болалар ва ўсмирлар учун қарамлик келтириб чиқарадиган тарзда ишлаб чиққанликда айбланмоқда.
Даъвогар штатлар Meta ўз платформаларининг ёшлар руҳий саломатлигига салбий таъсири ҳақида жамоатчиликни чалғитгани, 13 ёшга тўлмаган болалар маълумотларини ота-она розилигисиз тўплагани ҳамда ўсмирларни платформаларда кўпроқ ушлаб туриш учун махсус функциялардан фойдаланганини таъкидламоқда.
Иш доирасида Meta’дан платформалар фаолиятига жиддий ўзгартишлар киритиш, жумладан, болаларни ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш талаб қилинмоқда. Штатлар, шунингдек, компаниядан катта миқдорда молиявий тўлов ундиришни сўрамоқда.
Айни пайтда иш бўйича суд жараёни Калифорния штати Окленд шаҳрида бошланган. Жараёнда Калифорния, Колорадо, Кентукки ва Нью-Жерси штатлари асосий даъвогарлар сифатида қатнашмоқда. Қолган штатлар эса 2023 йилда бошланган кўп штатли федерал даъво доирасида иштирок этган.
Meta компанияси эса айбловларни рад этмоқда. Компания вакиллари ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш билан ўсмирлар руҳий саломатлигига зарар етказилиши ўртасида тўғридан-тўғри сабабий боғлиқлик исботланмаганини таъкидламоқда.
Суд иши Meta учун жиддий молиявий хавф туғдириши мумкин. Штатлар талаб қилаётган зарар қопламалари миқдори 1,4 трлн долларгача етиши мумкинлиги айтилмоқда.
Изоҳ