Мамлакатда замонавий йўл инфратузилмасини ривожлантириш, транспорт ҳаракати тезлиги ва хавфсизлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 5 август куни қабул қилинган янги таҳрирдаги “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонунда пуллик автомобиль йўлларини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари белгиланди. Бунда ҳайдовчилар учун муқобил бепул йўл мавжуд бўлиши асосий шарт ҳисобланади.
Урганч аэропорти ва Хива шаҳри ўртасида барпо этилган янги автомобиль йўли аҳоли ва сайёҳлар учун хавфсиз, тезкор ҳамда қулай ҳаракатланиш имкониятини яратишга қаратилган.
Лойиҳа доирасида 35 километр автомобиль йўли, 1 та ер ости туннели, 8 та йўл ўтказгич, 15 та кўприк ва 106 та сув ўтказиш иншооти барпо этилди.
Мавжуд йўл орқали Урганчдан Хивага етиб бориш учун 45–50 дақиқа вақт сарфланса, янги тўрт тасмали магистрал орқали бу вақт 15–17 дақиқагача қисқаради. Йўлнинг суткалик ўтказувчанлик қуввати 30 мингдан ортиқ транспорт воситасини ташкил этади.
Транспорт оқими ва тўловларни бошқариш сунъий интеллектга асосланган рақамли тизимлар орқали амалга оширилади. Енгил ва юк автомобиллари, шунингдек, автобуслардан тўлов транспорт воситасини тўхтатмаган ҳолда электрон тарзда ундирилади.
Йўл бўйида халқаро стандартларга мос хизмат кўрсатиш ва сервис объектларини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.
Йўл қопламасининг юқори қатламларида иссиқ иқлимга чидамли махсус модификацияланган битум аралашмасидан фойдаланилган. Қопламанинг умумий қалинлиги 87 сантиметрни ташкил этади.
Янги магистрал Урганч ва Хива ўртасидаги қатновларни тезлаштириш ва қулайлаштириш, сайёҳлар учун транспорт имкониятларини кенгайтириш ҳамда ҳудуд йўл инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилади.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи якунланди. Давлат раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.
Изоҳ