• 11 891 сўм
    -46.71
  • 13 753 сўм
    -15.82
  • 142 сўм
    0.07
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 11 891 сўм
    -46.71
  • 13 753 сўм
    -15.82
  • 142 сўм
    0.07
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Жамият Бугун, 10:07

Ўзбекистонда кўп қаватли уйларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари янгиланди

Кўп қаватли уйлар подъездларида совитиш ва иситиш тизимларини ўрнатиш тақиқланади. Фасаддаги нуқсонларни бартараф этиш учун бир ойгача муддат берилади. Подъезд деворларини ҳар ойда ювиш талаби бекор қилинади. Лифтларни эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича ҳам янги талаблар белгиланди.

112
0
uznews.uz

Адлия вазирлиги кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларига ўзгартишларни давлат рўйхатидан ўтказди. Янги қоидалар уч ойдан сўнг кучга киради.

Мулкдорлар ижарачилар қоидаларга риоя қилишини таъминлайди

Кўп қаватли уйларни сақлаш ва улардан фойдаланишда ҳуқуқ ва мажбуриятларга оид қоидалардан ижарачилар ва хонадонни ижарага олувчилар ҳақидаги нормалар чиқариб ташланди.

Шу билан бирга, мулкдорлар ўзлари ижарага берган хоналардан фойдаланувчилар томонидан белгиланган талабларга риоя этилишини таъминлаши шартлиги белгиланди.

Бу, жумладан, умумий мол-мулкдан фойдаланиш ва уни асраш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш, эвакуация ва авариявий чиқиш йўллари ҳамда умумий йўлакларни тўсиб қўймаслик, ўзбошимчалик билан қайта режалаштиришга йўл қўймаслик каби талабларни қамраб олади.

Фасаддаги нуқсонларни бартараф этиш учун бир ой берилади

Кўп квартирали уйлар фасадидаги нуқсонларни бартараф этиш муддатлари ўзгарди.

Бундай нуқсонларга қоплама, сувоқ, фактура ва бўёқ қатламларининг кўчиши, шикастланиши ёки емирилиши, сувоқдаги ёриқлар, сув оқизиш тизими шикастлангани сабабли пайдо бўлган нам доғлар, туз қатламининг юзага чиқиши ва фасаднинг умумий ифлосланиши киради.

Аввал бундай нуқсонларни бошқарув органи зудлик билан бартараф этиши талаб қилинган. Энди таъмирлаш ёки алмаштириш ишларини бир ой ичида амалга оширишга рухсат берилади.

Подъезд деворларини ҳар ой ювиш талаби бекор қилинади

Бошқарув органларининг подъезд ва зинапояларни деворлари билан бирга камида ойига бир марта ювиши ҳақидаги талаб бекор қилинди.

Шу билан бирга, подъезд ва зинапояларни ҳафтасига бир марта тозалаш талаби сақланиб қолади.

Ёритиш бўйича талаблар ўзгаради

Амалда бошқарув органлари кўп қаватли уй атрофи, подъездлар, туташ ер майдони, умумий фойдаланиш жойлари ҳамда инфратузилма объектларини ёритишни таъминлаши керак эди.

Энди инфратузилма объектларини ёритиш мажбурияти ушбу қоидалардан чиқариб ташланади.

Подъездларда сплит-системалар ўрнатиш тақиқланади

Қоидаларга подъезд йўлакларида совитиш ва иситиш ускуналари — сплит-системаларни ўрнатишни тўғридан-тўғри тақиқловчи норма киритилди.

Шу билан бирга, бинонинг ташқи кўриниши бузилмайдиган тарзда бундай ускуналарни балкон ёки лоджиянинг ички қисмига ўрнатишга рухсат берувчи амалдаги норма сақланади.

Лифтлар учун янги талаблар

Кўп квартирали уйларни бошқарувчи органлар лифтларни бутун эксплуатация муддати давомида авариясиз ва хавфсиз ишлашини таъминлаши керак. Лифт техник хизмат кўрсатиш ёки таъмирлаш учун тўхтатилган вақт бундан мустасно.

Лифтлар иши устидан диспетчерлик назорати ўрнатилади. Кабиналарда операторни чақириш ва икки томонлама овозли алоқа учун ёруғлик ва овозли сигнализация бўлиши шарт. Алоқа воситалари доим соз ҳолатда сақланиши лозим.

Шунингдек, шахта, машина ёки блок хонаси эшикларининг очилиши ва ёпилишини билдирувчи ёруғлик сигнализацияси ҳам ўрнатилади.

Бошқарув органлари лифт журналини унинг бутун эксплуатация муддати давомида сақлаши, ҳар ой техник хизмат кўрсатиши ва йилига бир марта даврий техник кўрикдан ўтказиши шарт.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг лифтлардан хавфсиз фойдаланишини таъминлаш ва тақиқланган юкларни ташишга йўл қўймаслик талаб этилади.

Лифтларда мажбурий маълумотлар кўрсатилади

Ҳар бир лифт кабинасида махсус лавҳа бўлиши керак. Унда:

— лифтнинг юк кўтариш қобилияти ва рухсат этилган йўловчилар сони; — «Хавфсиз лифт» электрон платформасидаги рўйхат рақами; — даврий техник кўрикдан ўтказилгани ҳақида маълумот; — лифтга хизмат кўрсатувчи ташкилот ёки авария хизмати телефон рақами кўрсатилади.

Эслатиб ўтамиз, кўп квартирали уйларни эксплуатация қилиш қоидаларига сўнгги бор жорий йил апрель ойида ўзгартишлар киритилган эди. Унда подъезд ва лифтларни ҳар ҳафта тозалаш, ҳовлиларни ободонлаштириш бўйича янги талаблар, яшил ҳудудларни ўзбошимчалик билан қисқартиришни тақиқлаш ва бошқа нормалар белгиланган.

112
0

Изоҳ