Аввалроқ, аномал иссиқ туфайли Давлат меҳнат инспекцияси ободонлаштириш хизматлари ходимларини ҳимоя қилишга қаратилган кўрсатмани мамлакатнинг барча ҳокимликларига юборган эди. Агар жазирама одамларнинг соғлиғига хавф туғдириши мумкин бўлса, соат 10:00 дан 17:00 гача ишларни тўхтатиш зарурлиги айтилди.
Кейинроқ ижтимоий тармоқларда ободонлаштириш хизмати ходимлари жазирама иссиқда кўчада ишлаётгани акс этган видео тарқалди.
Давлат инспекцияси Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Ободонлаштириш бошқармасида текширув ўтказиб, меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари бузилишини аниқлади.
"Ободонлаштириш ишларини бажаришга жалб этилган ишчиларга белгиланган талабларга мувофиқ тегишли меҳнат шароитлари яратилмаган," дейилади хабарда.
Аниқланган қоидабузарликлар бўйича туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига нисбатан МЖтКнинг 49-моддаси 1-қисми (Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) билан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилган.
Ушбу модданинг санкцияси БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача (2,06 млн сўмдан 4,12 млн сўмгача) жарима солишни назарда тутади.
Изоҳ