Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши 20 июль куни вилоят шаҳарларида жамоат транспортида тариф тизимини такомиллаштириш тўғрисида қарор қабул қилди. Ҳужжатга кўра, автобусларда электрон ва нақд тўловлар учун янги тарифлар ҳамда абонемент тариф режалари тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, транспорт ёки банк картаси орқали тўланган бир марталик йўлкира 2 000 сўм, нақд пулда тўлов эса 2 600 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, юк ташиш хизмати учун ҳам 2 600 сўм тўланади.
Шу билан бирга, йўловчилар учун 5 кунликдан 365 кунликкача бўлган турли муддатли тариф режалари жорий этилди. Оддий йўловчилар учун 30 кунлик тариф 200 минг сўм, 90 кунлик — 600 минг сўм, 180 кунлик — 1,2 млн сўм, 365 кунлик тариф эса 2,4 млн сўм этиб белгиланди.
Пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, талабалар ва ўқувчилар учун имтиёзли тарифлар тасдиқланди. Масалан, ушбу тоифалар учун 30 кунлик тариф 100 минг сўм, 90 кунлик — 300 минг сўм, 180 кунлик — 600 минг сўм, 365 кунлик тариф эса 1,2 млн сўмни ташкил қилади.
Янги тартибга кўра, транспорт картаси орқали тўлов қилинганда 1 соатлик алмашиш тарифи ҳам амал қилади. Бунда биринчи автобус учун 2 000 сўм, иккинчи автобус учун 1 000 сўм тўланади, учинчи ва кейинги автобусларда эса қўшимча ҳақ ундирилмайди.
Шунингдек, Тошкент вилояти шаҳарларида брутто-шартнома асосида ҳаракатланувчи барча шаҳар автобусларида йўл ҳақини тўлиқ нақд пулсиз қабул қилиш амалиёти жорий этилади. Инфокиосклар босқичма-босқич ўрнатилади ҳамда ATTO транспорт карталарини сотиш тармоғи кенгайтирилади.
Қарор қабул қилинган кундан бошлаб кучга киради.
Изоҳ