Наманган вилояти Поп тумани суди 22 ёшли Ф.Б., Жиззах вилояти Зомин тумани суди эса 24 ёшли М.М.га нисбатан ҳукм чиқарди.
Суд материалларига кўра, ҳар икки шахс аввал Россияда меҳнат қилган. Кейинчалик жиноят ишлари бўйича ҳибсга олиниб, жазони ижро этиш муассасаларида бўлган вақтида Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган.
Уларнинг кўрсатмасига кўра, урушда қатнашиш эвазига озодликка чиқариш, пул мукофоти ва бошқа имтиёзлар ваъда қилинган.
Ҳар иккиси ҳам жанговар ҳаракатлар вақтида дронлар ҳужуми оқибатида оғир жароҳат олган. Ф.Б.га III гуруҳ ногиронлиги белгиланган, М.М. эса ўнг қўлининг тўрт бармоғидан айрилган. Даволангач, улар Ўзбекистонга қайтган.
Суд ҳужжатларида қайд этилишича, М.М. билан бирга яна бир таниши ҳам Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган. Гувоҳларнинг кўрсатмасига кўра, у жанговар ҳаракатларда ҳалок бўлган ва 2026 йил январь ойида Жиззах вилоятида дафн этилган.
Судлар айбланувчиларнинг айбини тан олгани ва қилмишидан пушаймон бўлганини енгиллаштирувчи ҳолат сифатида инобатга олган.
Натижада ҳар икки фуқаро Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (ёлланмачилик) билан айбдор деб топилди. Ф.Б. 2 йил, М.М. эса 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Изоҳ