Қашқадарё вилоятида келинини йиллар давомида калтаклаб, таҳқирлаб ва руҳий босим ўтказиб келган қайнона 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда "Миллар" информацион дастурида маълум қилинди.
Суд ҳужжатларига кўра, Чироқчи туманида яшовчи 47 ёшли аёл 2022 йилдан 2025 йил октябрига қадар келинини мунтазам ҳақорат қилиб, бир неча бор урган, уйдан ҳайдаган ва унга руҳий босим ўтказган. Шунингдек, келиннинг ота-онаси билан учрашишини чеклаб, телефондан фойдаланишига ҳам тўсқинлик қилган. Айрим ҳолатларда эса уни сочидан тортиб кўчага судраб чиққан, юзи ва танасининг турли жойларига уриб, тан жароҳати етказган.
Маълум бўлишича, келин 2025 йил 2 октябрь куни қайнонаси томонидан узоқ вақт давомида ўтказилган жисмоний ва руҳий тазйиқларга чидай олмай, яшаш уйидаги молхонада ўз жонига қасд қилган.
Жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани суди қайнонани келиннинг ўлимида айбдор деб топди. Суд унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 103-моддаси иккинчи қисми «а» банди, 57-моддаси қўлланилган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Изоҳ