Сирдарё вилоятида 16 ёшли ўқувчига Telegram орқали шаҳвоний мазмундаги хабарлар юборган мактаб маслаҳатчиси қўлга олинди, дейилади "Бу кун" дастурининг репортажида.
Маълум бўлишича, маслаҳатчи қизга мактабнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасини юритишда ёрдам бериши мумкинлигини баҳона қилиб ёзган. Бироқ кўп ўтмай, у унга кечалари хабар юбора бошлади. Қиз жавоб бермай қўйганидан сўнг, унга қўнғироқ қилиб, учрашиш учун ташқарига чиқишни таклиф қилган ва шу билан вояга етмаган қизга нисбатан жинсий характердаги ҳаракатларни содир этган.
“Мен шунчаки хабарга муносабат билдирдим. Аввалига кимлигини ва нега менга ёзаётганини тушунмадим. Кейин кечқурун у яна ёзишни бошлади. Илгари ҳеч ким менга бундай ёзмаганди," - деди мактаб ўқувчиси.
Суд мажлисида эркак ўз айбини тан олмади ва тақдим этилган далилларни рад этди. У ҳеч қачон бу ўқувчи билан ҳеч қандай муносабатда бўлмаганини айтди.
“Айтишларича, мен унга муҳаббат изҳор қилган эмишман, лекин бу англашилмовчилик. Мен ҳеч қачон ҳеч қандай қиз билан учрашмаганман. Ўзимнинг учта фарзандим бор," - деди у судда.
Кейинроқ эркак ўқувчи ва унинг оила аъзоларидан кечирим сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Ширин шаҳар суди эркакни МЖтКнинг 41-1-моддаси 1-қисмида (шаҳвоний шилқимлик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топди. Унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Бундан ташқари, суд Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси номига хусусий ажрим юбориб, педагогга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши лозимлигини кўрсатган.
Изоҳ