Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси ўринбосари, Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Сиэтл шаҳрига ташрифи сермазмун учрашувлар ва муҳим мулоқотларга бой бўлди.
Ташриф давомида Вашингтон штати давлат котиби Стив Хоббс, Сиэтл шаҳар мэри ўринбосари Брайан Сурратт, Вашингтон университети қошидаги Европа, Россия ва Евроосиё тадқиқотлари маркази раҳбарияти ҳамда академик доиралар вакиллари билан самарали музокаралар ўтказилди. Шунингдек, Greater Seattle Partners ҳамда давлат, бизнес ва иқтисодий ривожланиш соҳаси етакчилари билан истиқболли ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Учрашувларда Ўзбекистон ва АҚШнинг Тинч океани шимоли-ғарбий ҳудуди ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо-инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, инновациялар, юқори технологиялар, аэрокосмик саноат, илғор ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, таълим ва маданият соҳаларидаги шерикликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, академик ҳамкорлик ва экспертлар мулоқотини кенгайтириш, Марказий Осиёнинг халқаро муносабатлардаги ўрни ва аҳамияти бўйича фикр алмашилди. Вашингтон университетида Марказий Осиёга оид дастурлар ҳамда ўзбек тилини ўқитиш ташаббуслари билан яқиндан танишилди.
Ташриф давомида Сиэтлда фаолият бошлаган Ўзбекистон Бош консуллигининг роли алоҳида қайд этилди. Ушбу ваколатхона икки давлат ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш, бизнес алоқаларини кенгайтириш ва халқлар ўртасидаги яқинликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Ташриф якунлари Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда минтақалар ва халқлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.
Изоҳ