Тошкент шаҳрида Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ҳамда прокуратура органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Шайхонтоҳур тумани ИИБ ЖҚБ (жиноят қидирув бўлими) бўлинмаси бошлиғи ушланган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, у тадбиркорга нисбатан фирибгарлик бўйича қўзғатилган жиноят ишини «ижобий ҳал қилиш»да танишлари орқали кўмаклашишини ваъда қилган ҳамда бу хизмат учун 7 минг доллар талаб қилган.
Шунингдек, у тадбиркорга қарашли ресторанда юз берган ёнғин оқибатида ходим тан жароҳати олгани билан боғлиқ ишни тўхтатиб бериш эвазига яна 500 доллар сўраган.
Тезкор тадбир давомида у 2,5 минг доллар аванс пулни пора сифатида олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ