Тошкент шаҳри Олмазор туманида хусусий таълим муассасасида қизга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилган ва кейинчалик уни ҳамда дугонасини ҳақорат қилган йигитга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Суд ҳужжатларига кўра, воқеа 2026 йил 14 июнь куни Беруний метроси яқинида жойлашган «LNS» хусусий таълим ташкилотида содир бўлган. 2005 йилда туғилган С.Т. И.Э.га нисбатан шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатлар қилиб, унинг баданига теккан ва қучоқламоқчи бўлган. Шунингдек, орадан бироз вақт ўтиб воқеа жойига келган И.Э. ва унинг дугонаси У.Қ.ни ҳақорат қилиб, бақир-чақир қилган.
Суд мажлисида С.Т. айбига иқрор бўлиб, қизга гап отганини ва уни ёқтириб қолгани учун ўзига яқинлаштирмоқчи бўлганини айтди. У шунингдек, қизлар билан тортишиб қолгани ва ҳақоратли сўзлар ишлатганини тан олиб, қилмишидан пушаймон эканини билдирди.
Жабрланувчи И.Э.нинг кўрсатувига кўра, С.Т. унга нисбатан уятсиз ҳаракатлар қилиб, икки қўлидан тортиб қучоқламоқчи бўлган. Кейинчалик у дугонаси билан воқеа жойига қайтганида, С.Т. уларни ҳақорат қилган.
Суд С.Т.нинг ҳаракатларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 411-моддаси 1-қисми (шаҳвоний шилқимлик) ва 183-моддаси (майда безорилик) билан тўғри квалификация қилинган деб топди.
Қарорга мувофиқ, С.Т.га шаҳвоний шилқимлик учун 5 сутка, майда безорилик учун 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Кодекснинг 34-моддасига асосан жазолар қўшилиб, унга узил-кесил 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.
Шунингдек, жазо ўталгандан сўнг ундан махсус қабулхонада сақлаш харажатлари учун 618 минг сўм ундирилиши белгиланган.
Изоҳ