• 11 982 сўм
    -32.67
  • 13 880 сўм
    21.03
  • 165 сўм
    -1.48
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 11 982 сўм
    -32.67
  • 13 880 сўм
    21.03
  • 165 сўм
    -1.48
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Спорт Бугун, 19:30

Жаҳон чемпионатида Осиёдан кучли старт: Ўзбекистон тарих ёзиш остонасида

Осиё терма жамоалари илк турни мағлубиятсиз бошлади. Энди эса диққат марказида Ўзбекистон — миллий терма жамоа 17 июнь куни мундиалдаги тарихий учрашувини Колумбияга қарши ўтказади.

114
0

Айни дамда бўлиб ўтаётган футбол бўйича жаҳон чемпионати АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлигида қизғин паллага кириб бормоқда. Илк тур учрашувлари футбол мухлисларига бир қатор сенсацион натижаларни тақдим этди. Энг эътиборлиси, ҳозирга қадар майдонга тушган Осиё терма жамоаларининг бирортаси ҳам мағлубиятга учрамади. Бу эса қитъа футболи сўнгги йилларда сезиларли даражада ўсганини яна бир бор намоён этмоқда.

Мундиалнинг биринчи кунларида Осиё вакилларидан Жанубий Корея терма жамоаси Чехияни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Қатар эса Швейцарияга қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларида 1:1 ҳисобида дуранг натижа қайд этди.

Шу тариқа Осиё жамоалари дастлабки баҳсларда мағлубиятсиз серияни сақлаб қолмоқда. Бугун эса яна икки қитъа вакили — Саудия Арабистони ва Эрон миллий терма жамоалари ўз юришини бошлайди.

Гуруҳ босқичида кутилмаган натижалар

Мундиалнинг илк кунларида бир қатор фаворитлар кутилмаган қаршиликка дуч келди. Бразилия Марокаш билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган бўлса, Япония ва Нидерландия баҳси ҳам 2:2 ҳисобида якунланди. Шунингдек, Германия Кюрасао устидан 7:1 ҳисобида йирик ғалабага эришиб, турнирдаги энг ишончли стартлардан бирини қайд этди.

Ҳозирча гуруҳлардаги кураш тенг кечмоқда. Биринчи турнинг ўзиёқ айрим жамоаларнинг плей-офф учун жиддий даъвогар эканини кўрсатиб берди.

Ўзбекистон учун тарихий имконият!

Фабио Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда. "Оқ бўрилар" мусобақадаги биринчи учрашувини 17 июнь куни (Тошкент вақти билан 18 июнь 07:00) Колумбия терма жамоасига қарши ўтказади. Баҳс Мехикодаги машҳур "Ацтека" стадионида бўлиб ўтади.

UzNews.uz

Гуруҳда Ўзбекистоннинг рақиблари — Колумбия, Португалия ва Конго Демократик Республикаси. Мутахассислар Колумбия ва Португалияни гуруҳ фаворитлари сифатида баҳолашмоқда, аммо саралаш босқичидаги муваффақиятли иштирок ва таркибдаги иқтидорли футболчилар Ўзбекистонга ҳам курашиш имконини беради.

Биринчи турдаги Колумбияга қарши баҳс гуруҳдаги кейинги ўйин учун ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин. Ижобий натижа Ўзбекистоннинг плей-офф учун курашида муҳим қадам бўлади.

Мундиалнинг ҳозирги даражаси қандай?

48 жамоа иштирок этаётган янги форматдаги жаҳон чемпионати ҳозирнинг ўзидаёқ юқори рақобат ва интрига тақдим этмоқда. Кичик ва ўрта даражадаги терма жамоаларнинг ҳам кучайгани кўринмоқда. Марокашнинг Бразилиядан очко тортиб олиши, Япониянинг Нидерландияга қарши намойиш этган ўйини ва Жанубий Кореянинг ғалабаси бунинг яққол исботидир.

Ҳозирча турнирнинг энг катта ютуғи — натижаларнинг олдиндан тахмин қилиб бўлмаслиги. Фаворитлар учун осон ўйинлар қолмаяпти, дебютантлар эса ўз сўзини айтишга тайёр. Ана шундай шароитда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам жаҳон чемпионати саҳифаларига ўз номини ёзиш имкониятига эга. Бу эса нафақат ўзбек футболи, балки бутун Марказий Осиё футболи учун тарихий воқеа бўлиши мумкин.

Жаҳонгир Сотволдиев

114
0

Изоҳ