Жамоа "B" гуруҳида учинчи ўринни эгаллади ва энг яхши учинчи ўринни эгаллаган жамоалар қаторида чорак финалга йўлланмани қўлга киритди. Кейинги ўйиндаги ғалаба Ўзбекистон терма жамоасига 2027 йилги жаҳон чемпионатига тарихий йўлланмани тақдим этиши мумкин.
Гуруҳ босқичининг 3-тур учрашувида Котрина Кулбите бошчилигидаги терма жамоа Бангладеш терма жамоасини 4:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашув Perth Rectangular стадионида бўлиб ўтди. Ўзбекистон терма жамоаси сафида голларга Диёра Ҳабибуллаева ва Нилуфар Қудратова муаллифлик қилган бўлса, Дилдора Нозимова дублни расмийлаштирди.
Гуруҳ босқичи якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси 3 очко жамғариб, "B" гуруҳида учинчи ўринни эгаллади. Биринчи ўринни Хитой терма жамоаси (9 очко), иккинчи ўринни КХДР жамоаси (6 очко), Бангладеш терма жамоаси эса турнирни очкосиз тўртинчи ўрин билан якунлади.
Ўзбекистон терма жамоасининг рақиби бошқа гуруҳлардаги ўйинлар якунлангач маълум бўлади. Чорак финалда Ўзбекистон терма жамоаси "А" гуруҳи ғолиби - Корея Республикаси терма жамоаси ёки "C" гуруҳи ғолиби билан тўқнаш келиши мумкин.
Турнирнинг чорак финал босқичи алоҳида аҳамиятга эга: Осиё Кубогининг энг яхши олтита терма жамоаси 2027 йилги жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритади.
Изоҳ