Жанубий Кореяда суд собиқ президент Юн Сок Ёлни 2024 йил охирида ҳарбий ҳолат жорий этилиши муносабати билан исён уюштиришда айбдор деб топди. Собиқ президент умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди, деб хабар берди Yonhap нашри.
Шунингдек, Жанубий Кореянинг собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хён исён иши бўйича айбдор деб топилди. Ҳарбий ҳолат эълон қилинганидан сўнг, у юзага келган вазият учун жавобгарлигини айтди. У 30 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, деб хабар берди CNN.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 3 декабрь куни кечқурун Юн Сок Ёл халққа мурожаат билан чиқди. У Корея Республикасини Шимолий Корея коммунистик кучлари таҳдидидан ҳимоя қилиш учун фавқулодда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Юннинг мурожаатидан 150 дақиқа ўтиб, фавқулодда йиғилишда парламент ҳарбий ҳолатни бекор қилиш учун овоз берди.
6 декабрь куни парламент президентга импичмент эълон қилиш учун биринчи уринишни амалга оширди, аммо у муваффақиятсизликка учради. Орадан бир ҳафта ўтиб, 14 декабрь куни импичмент бўйича иккинчи овоз бериш муваффақиятли ўтди. Юн Сок Ёл лавозимидан четлатилди ва судга оширилди.
Изоҳ