Бугун бўлиб ўтган тақдимотда давлат раҳбари таъкидлаганидек, бугунгача хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилиб, бўлажак сунъий йўлдошнинг аниқлиги ва фойдали юкламасига қўйиладиган техник талаблар белгилаб олинган.
Тақдимотда илмий-технологик салоҳиятни ошириш доирасида биринчи миллий илмий сунъий йўлдошни яратиш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Лойиҳа доирасида мутахассисларни тайёрлаш ва муҳандислик жамоасини шакллантириш, 2028 йилда “Мирзо Улуғбек” номли 6U форматдаги илмий сунъий йўлдошни учириш таклиф қилинди.
Давлат раҳбарининг ташаббуси билан биринчи миллий космонавтни тайёрлаш ва уни фазога учириш стратегик вазифа сифатида белгиланган.
"Бу шунчаки рамзий қадам эмас, балки мамлакатимиз илмий салоҳияти, ёшларимиз орзуси ва миллий ғуруримиз ифодаси бўлади," – деди президент.
Шунингдек, Миллий фазогирни қисқа муддатга – 10-14 кунлик парвозга тайёрлаш таклиф қилинди, бундай парвозларни ташкил этиш бўйича халқаро ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Космонавтни фазога учириш аниқ илмий дастурни амалга ошириш билан узвий боғланган бўлиши зарурлиги қайд этилди. Зеро, бу ютуқ мамлакатимизнинг халқаро нуфузини ошириши билан бирга илмий салоҳиятни ривожлантириш, янги лойиҳа ва технологик ташаббусларнинг пайдо бўлиши, ёшларнинг фан ва технологияларга қизиқиши ортишига хизмат қилиши керак.
Ўзбекистон космонавти фазода бўлиши доирасида олиб борилиши мумкин бўлган тадқиқотлар йўналиши сифатида тиббиёт ва биология (масофавий ташхис қўйиш, маҳаллий доривор экстрактлар самарадорлигини ўрганиш), ўсимликлар генетикаси (қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли навларни синаш, ёпиқ агробиотизимлар модели), материалшунослик (иссиқликни тўплаш ва бошқариш учун материаллар, мато ва толаларни синовдан ўтказиш) таклиф қилинди.
Тақдимот якунида президент Шавкат Мирзиёев сунъий йўлдошлар лойиҳалари ва миллий фазогирни тайёрлаш бўйича ҳисоб-китоб ҳамда амалий таклифларни пухта ишлаб чиқиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Изоҳ