26 январь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Алексей Ерхов билан учрашди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашув давомида томонлар Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларини батафсил муҳокама қилдилар.
Миграция текширувлари ва рейд тадбирларини ўтказиш чоғида Ўзбекистон фуқароларининг, шу жумладан қонунга итоаткор шахсларнинг ҳам, миграция қонунчилиги бузилишига йўл қўйган фуқароларнинг ҳам ҳуқуқлари ва инсоний қадр-қимматини камситишнинг ҳар қандай шаклига йўл қўймаслик принципиал муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
"Учрашув миграция жараёнларини тартибга солиш ва Ўзбекистон фуқароларининг Россияда қонуний меҳнат фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган прагматик ва ҳурматга асосланган мулоқотни ривожлантиришга томонларнинг интилиши қатъий эканини тасдиқлади," - дейилади хабарда.
Томонлар, шунингдек, амалий ҳамкорликни доимий равишда такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш учун мунтазам равишда консуллик маслаҳатлашувлари ва икки томонлама учрашувлар ўтказиш зарурлигини тасдиқладилар.
Изоҳ