Ўзбекистон фуқаросининг ўлдирилиши ҳолати бўйича Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси муносабат билдирди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 24 январь куни соат 19:40 атрофида Истанбул шаҳрининг Шишли туманида чиқиндилар орасидан буюм тўплаб юрган фуқаро контейнер ичида ўралган жасадни кўриб, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берган. Кўрик жараёнида жасаднинг бош қисми мавжуд эмаслиги қайд этилган.
Бош консулхона томонидан маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, суд-тиббий экспертиза маркази ҳамда прокуратура билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганишлар натижасида марҳуманинг шахси Ўзбекистон фуқароси Ҳакимова Дурдона экани тасдиқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан 2 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган. Улар Туркиядан Грузияга авиарейс орқали қочишга уринган вақтида ушланган.
Бош консулхона дипломатлари томонидан марҳуманинг оила аъзолари билан алоқа ўрнатилди ҳамда уларга тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.
Мазкур ҳолат бўйича суриштирув жараёнлари Бош консулхона назоратига олинган.
Изоҳ