• 11 970 сўм
    -32.05
  • 13 928 сўм
    -56.49
  • 153 сўм
    -0.31
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 11 970 сўм
    -32.05
  • 13 928 сўм
    -56.49
  • 153 сўм
    -0.31
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Криминал Бугун, 18:10

Товламачилик, таҳдид ва сохта суриштирув: ИИВ Taftish uz ходимлари иши тафсилотларини маълум қилди - видео

Нашр ходимлари журналистик фаолият ниқоби остида обрўсизлантирувчи материалларни тарқатиш билан қўрқитиб, видеолар тарқатишган, уларни ўчириб ташлаш учун пул талаб қилишган, тадбиркорларга шантаж қилишган, жиноий даромадларни яшириш учун сохта шартномалардан фойдаланишган.

196
0
ИИВ

Бугун, 16 январь куни Taftish.uz нашрининг товламачилик ва фирибгарликда гумонланган 4 нафар ходими қўлга олингани ҳақида хабар берган эдик. ИИВ матбуот хизмати ушбу иш тафсилотларини маълум қилди.

Аниқланишича, "Элита-медиа" МЧЖ таркибига кирувчи Taftish.uz нашри вакиллари адолат ва жамоатчилик назорати шиорлари остида жиноий гуруҳ тузиб, мунтазам равишда товламачилик ва фирибгарлик билан шуғулланиб келган. Унинг таркибига қуйидагилар киради:

- гуруҳ етакчиси, Taftish.uz нашрининг норасмий раҳбари Ғайрат Абераев (1988 йилда туғилган);

- гуруҳнинг мухбирлик лавозимларида ишлаган аъзолари: Азизжон Йўлдошев (1992 йилда туғилган), Сардор Ҳамидов (2000 йилда туғилган), Маржона Эшқувватова (2006 йилда туғилган) ва Дилшод Нишонов (1998 йилда туғилган).

Аниқланишича, Ғ.Абераев бошчилигидаги таҳририят жиноий фаолиятни даромад манбаига айлантирган.

"Улар фуқароларни чалғитишдан ташқари, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи видеоларни тарқатиш билан таҳдид қилган ёки аллақачон эълон қилинган видеоларни ўчириб ташлаш учун пул талаб қилган. Шу тариқа, улар бир томондан мурожаатларни "ёритиш" учун маблағ олган бўлса, бошқа томондан тайёрланган материалларни ўчириш учун пул талаб қилган," - дейилади хабарда.

Аниқланишича, ўтган йилнинг ноябрь ойида Ғ.Абераев топшириғига асосан А.Йўлдошев ва Д.Нишонов томонидан "Чилонзор буюм савдо комплекси" савдо мажмуаси раҳбариятини обрўсизлантирувчи, бозор маъмурияти ва у ердан дўкон сотиб олган фуқаро ўртасидаги низо юзасидан видеоматериал тайёрланган. 5 декабрь куни видео Taftish.uz’нинг Youtube’даги каналига жойлаштирилди.

ИИВнинг қўшимча қилишича, тадбиркор ва бозор маъмурияти ўртасидаги низо аллақачон суд томонидан кўриб чиқилган ва у бўйича қонуний қарор қабул қилинган. Taftish.uz вакиллари бу ҳақда билган, бироқ ариза берувчидан мукофот эвазига вазиятни бир томонлама ва нотўғри ёритган.

Шундан сўнг, Ғ.Абераев гуруҳ аъзоларидан бири С.Ҳамидов орқали бозор маъмурияти билан боғланиб, видеоматериални ўчириш учун 40 млн сўм талаб қилган. Бунинг эвазига у Telegram каналига видеодаги маълумотлар тасдиқланмагани ҳақида хабар жойлаштиришга ваъда берган.

Товламачилик фактини ниқоблаш учун бозор маъмурияти Taftish.uz билан 40 млн сўмлик шартнома тузишга мажбур бўлган. Ижро С.Ҳамидовга топширилган, унинг банк картасига талаб қилинган суммадан 10 млн сўм ўтказиб берилган.

Шунингдек, бошқа иш тафсилотлари ҳам аниқланди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида М.Эшқувватова, А.Йўлдошев ва Д.Нишонов бир томондан мукофот эвазига Самарқанд вилоятидаги "Black plast" қурилиш компанияси фаолияти ҳақида хаёлий тафсилотлар акс этган видеоматериал тайёрлаб, Taftish.uz YouTube каналига жойлаштирган.

"Яна иккита видеони тарқатиш билан қўрқитиб, компания директори Х.Тўраевни Taftish.uz офисига чақириб, икки тадбиркор ўртасида илгари тузилган 20 млрд сўмлик шартнома бўйича гўёки қарздорлик борлигини баҳона қилиб, бир ой ичида яна 20 млрд сўм тўлаш бўйича қўшимча мажбурият ҳақида тилхат ёздиришган. Тадбиркор ишбилармонлик обрўсини сақлаб қолиш учун катта тўловларга осонгина рози бўлаётганидан хурсанд бўлган гуруҳ аъзолари қўшимча 60 млн сўм талаб қилиб, маблағларнинг ноқонуний келиб чиқишини яшириш учун уни Taftish.uz билан кўрсатилган суммага шартнома тузишга мажбур қилишган," - дейилади ИИВ хабарида.

Тадбиркор пулларни белгиланган муддатда тўлай олмагач, М.Эшқувватованинг таҳдидидан сўнг Йўлдошев ва Нишонов ўз каналларида обрўсизлантирувчи видеоматериалларни тарқатган. Ночор аҳволда қолган тадбиркор 8 январь куни видеони ўчириб ташлагани учун гуруҳ аъзоларидан бирининг банк картасига 30 миллион сўм, 12 январь куни эса яна 30 миллион сўм ўтказган.

Бошқа бир ҳолатда эса Д.Нишонов ўтган йилнинг 9 октябрь куни Наманган вилоятининг Чуст туманида Юсуповлар ва Туморовлар оиласи ўртасида низо келиб чиққанидан хабар топиб, жиноят иши материалларига аралашиб, бир томоннинг маблағи эвазига Туморовлар оиласининг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ёлғон маълумотларни тўплаган. У ўз каналида кетма-кет 10 кун давомида 18 та видеоролик тайёрлаб тарқатган.

Ушбу ҳаракатлар - ёлғон маълумотларни тарқатиш ва фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш - учун у 2025 йил 10 ноябрда Поп туман судининг қарори билан МЖтКнинг 46-1-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунга қарамай, Д.Нишонов суд биносидан чиқиб, Туморовлар оиласи ҳузурига борган ва яна иккита видеоматериални тарқатиш билан таҳдид қилиб, илгари эълон қилинган 18 та видеони интернетдан ўчиришни ваъда қилиб, Туморовдан 300 АҚШ долларини товламачилик билан олган. лекин фуқарони алдаб видеони ўчирмаган.

Шундан сўнг, у А.Йўлдошев билан биргаликда ҳаракат қилиб, қўшимча 1 млн 800 минг сўм талаб қилган.

"Жазосизликдан қутуриб кетган жиноий тўда аъзолари Нишонов ва Йўлдошевлар оиласи шаъни ҳақида қайғураётган шахсни иложсизлик шароитига солиб қўйиб, эндиликда видеоларни ўчириш 16 миллион сўм бўлишини важ қилиб, жиноий қилмишларни ниқоблаш мақсадида жиноий даромад инига айланган Tаftish.uz билан 16 миллион сўмга шартнома тузишга мажбурлашган," - дея қўшимча қилди ИИВ.

Ҳозирда ушбу жиноий гуруҳ аъзолари ЖКнинг 139-моддаси (туҳмат), 168-моддаси (фирибгарлик), 165-моддаси (товламачилик) ва 244-6-моддасида (ёлғон ахборот тарқатиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликлари аниқланган. Уларнинг барчаси ҳибсга олинган.

Юқоридаги шахсларнинг хатти-ҳаракатларидан жабрланган фуқаролардан Ички ишлар вазирлиги Тергов департаментига 71 231 40 66 телефон рақами орқали мурожаат қилиш сўралган.

196
0

Изоҳ