Хитойнинг "Air China" миллий авиаташувчиси халқаро миқёсдаги иштирокини кенгайтиришда давом этмоқда ва Пекин-Тошкент-Пекин йўналиши бўйича мунтазам рейсларни очиш орқали илк бор Ўзбекистон бозорига кирмоқда.
Жорий йилнинг 19 июль куни соат 19:40 да Тошкент халқаро аэропортига авиакомпаниянинг биринчи рейси келиб қўнди. Замонавий Boeing-737 лайнерида етиб келган экипаж ва йўловчилар анъанавий сув аркаси ва гуллар билан кутиб олинди.
"Биз Хитой ва Ўзбекистон пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйишдан мамнунмиз. Ишончимиз комилки, бу йўналиш савдо, сайёҳлик ва маданий алоқаларни ривожлантиришда муҳим бўғинга айланади. "Air China" нафақат йўловчиларни ташиш, балки одамларни, шаҳарларни ва имкониятларни боғловчи янги уфқларни очишга интилади. Биз авиакомпания парвозларнинг ҳар бир босқичида ишончлилик, қулайлик ва юқори хизмат кўрсатишга эътибор қаратамиз", — дея таъкидлади компания вакили.
"Тошкент аэропортида "Air China" тимсолида янги ҳамкорни кутиб олишдан мамнунмиз. Ишончимиз комилки, ушбу йўналиш йўловчилар орасида юқори талабга эга бўлади. Жамоамиз ушбу йўналишда юқори сифатли хизмат кўрсатиш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб берди", - деди "Uzbekistan Airports Handling" директорининг биринчи ўринбосари Умид Ҳамраев.
Парвозлар ҳафтасига уч марта - сешанба, пайшанба ва шанба кунлари амалга оширилади.
Изоҳ