Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда, Андижон вилояти перинатал маркази ҳовлисида ўндан ортиқ дарахт кесиб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Хабарда дарахтларни кесишга вилоят ҳокими буйруқ бергани айтилади.
Шундан сўнг, вилоят ҳокимлиги ҳолат юзасидан баёнот берди.
Унда қайд этилишича, ҳозирги кунда вилоят перинатал марказида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
"Бундан ташқари хеч ким дарахтларни кесиб ташлаш тўғрисидаги буйруғини бермаганлигини маълум қиламиз", - дейилади баёнотда.
Шунингдек, баёнотда юқорида келтирилган ҳолат вилоят ҳокимлиги томонидан алоҳида назоратга олингани, ҳудудда қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда айбдорларга қонуний жазо чоралари кўрилиши ва бу ҳақида батафсил ахборот берилишини маълум қилган.
Ўз навбатида Давлат Экология қўмитаси ҳолат юзасидан экология бошқармаси ва ИИБ масъул ходимлари томонидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
Дастлабки суриштирув натижаларига мувофиқ, мазкур ҳудуддаги дарахтларни кесишга қонунчиликда белгиланган тартибда экология органи хулосаси ва рухсатнома берилмаган.
Мазкур қурилиш объекти Давлат инвестиция дастурига киритилган бўлиб, ташкилот раҳбарияти томонидан унинг ҳудудидаги дарахтларни кесишга рухсатнома олиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилинган. Лекин ушбу мурожаат натижасини кутмасдан қонунга зид равишда ўзбошимчалик билан бугун тунда ушбу мудҳиш ҳуқуқбузарлик ҳолати содир этилган.
Хабар тўлдирилди
Дастлабки суриштирув натижаларига кўра, Андижон шаҳар Перинатал маркази ҳудудида 12 туп “элдор қарағайи” дарахтлари мораторий талабларига зид равишда ноқонуний кесилганлиги қайд этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг рўйхати”га Элдор қарағайи (Pinus eldarica) жуда чиройли манзарали дарахт сифатида киритилган.
Мазкур ҳолатда “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 37-моддаси 2-банди, шунингдек, президентнинг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг 2-банди талаблари бузилганлиги аниқланди.
Ўрганишлар давомида кесилган дарахтларнинг диаметр ўлчамлари 12 см дан 40 см гача эканлиги, дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш натижасида, ўсимлик дунёсига кўп миқдорда зарар етказилганлиги қайд этилди.
Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилади.