Излаш
RUUZ

Жамият

Андижонда икки нафар ободонлаштириш ходимини машина уриб кетди — улардан бири вафот этди

Ижтимоий тармоқда ходимлар кечаси ободонлаштириш ишларига жалб қилингани ҳақида хабар тарқалди. Ҳокимлик буни рад этди.

406views0replies
0

Иллюстрация / UzNews.uz

Аввалроқ, ижтимоий тармоқда Андижон вилояти Марҳамат туманида 2 нафар ободонлаштириш ходимини машина уриб юборгани, улардан бири вафот этгани ҳақида хабар эълон қилинди. Хабарда мазкур ободонлаштириш ходимлари ҳоким топшириғига асосан кечаси тозалаш ишларига жалб қилингани айтилади. Маълумот учун, одатда ҳар йили 26 апрель — шоир Муҳаммад Юсуфнинг туғилган куни туманда кенг нишонланади, ободонлаштириш ишлари олиб борилади.
UzNews.uz мухбири воқеа юзасидан батафсил маълумот олиш мақсадида Марҳамат тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати билан боғланди.
Қайд этилишича, ЙТҲ 25 апрель куни соат 22:30 да Марҳамат туманининг “Тўлға” МФЙ ўрамидан ўтган Марҳамат-Қува автомобиль қатнов йўлининг “Қува” йўналишида содир бўлган. Matiz қатнов йўли четида ҳаракатланиб кетаётган икки нафар аёлни уриб юборган.
“Тўлға” МФЙ ҳоким ёрдамчиси UzNews.uz мухбирига жабрланувчилар ободонлаштириш ходимлари эканини маълум қилди. Улардан бири вафот этган. Иккинчиси эса шифохонага оғир аҳволда ётқизилган.
Ҳокимлик масъуллари ходимлар ҳоким топшириғига асосан ишга жалб қилингани ҳақидаги хабарни рад этишди.
“Ҳеч қандай топшириқ бўлмаган. Мантиқан ўйлаб кўринг, шоирни туғилган кунига бир кун қолганда ободонлаштириш ишлари бўлмайди-ку. Биз шоир дафн қилинган қабристонни 20-25 кун аввал тозалаб қўйганмиз. Ижтимоий тармоқдаги ҳоким топшириғи ҳақидаги хабарни кўриб, ўзим ҳайрон қолдим”, - дейди туман ободонлаштириш бўлими раҳбари.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг маълум қилишича, ушбу ҳолат вазирликнинг ҳудуддаги бош бошқармаси раҳбарияти томонидан назоратга олинган. Тезкор ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, вазият ўрганилмоқда.
ЙТҲ юзасидан Марҳамат тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан ЖКнинг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
406views0replies
0

Изоҳлар