Аввалроқ, ижтимоий тармоқда бир нечта ИИО ходимлари фуқаронинг қўлига мажбурлаб кишан тақаётгани акс этган видео тарқалди.
Андижон вилояти ИИБ Матбуот хизматининг хабарига кўра, ҳодиса 2023 йил 25 январь куни соат 17:30 ларда Избоскан туманида содир бўлган.
Маълум қилинишича, тумандаги АЁҚШда Пахтаобод туманида яшовчи О.О бензин ёқилғисини навбатсиз олиш мақсадида кириб бориб, навбатда турганларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлган ва фуқаролар ўртасида норозилик келтириб чиқарган.
Ушбу вазиятда ИИБ ходимлари томонидан фуқаро О.О. билан тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамасдан хизмат олиб бораётган ходимларга қасддан бўйсунмасдан, фаол қаршилик кўрсатиб, жамоат тартибини бузган.
"Мазкур ҳолатда ходимлар "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонуннинг 22-моддасига асосан ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун жисмоний куч ишлатишган. О.О.га ҳеч қандай тан жароҳати етказилмаган", - дейилади ИИБ муносабатида.
Маълум бўлишича, О.О АЁҚШга мунтазам равишда навбатсиз кирмоқчи бўлиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан бошқа навбатда турганларнинг ҳам ҳақли эътирозига сабаб бўлиб келган.
Мазкур ҳолат бўйича О.О.га нисбатан МЖтКнинг 183-моддаси, 194-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний кўриб чиқишлик учун Жиноят ишлари бўйича Избоскан туман судига юборилган.