Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилмоқда. Йиғилишда ўз фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган масъул раҳбарлар қаттиқ жазоланди.
Айниқса, Зангиота, Тошкент, Булоқбоши, Хўжаобод, Учқўрғон, Косон, Кармана, Қамаши, Шофиркон, Хўжайли, Денов, Шароф Рашидов, Пастдарғом, Фарғона, Пахтабод, Ҳазорасп туманлари ҳамда Самарқанд, Наманган, Фарғона, Гулистон, Чирчиқ шаҳарлари ҳокимлари масъулиятни ҳис қилмасдан, бир ой олдинги совуқ кунлардан ҳеч қандай хулоса чиқармагани кўрсатиб ўтилди.
Тошкент вилояти ҳокими З.Мирзаев қатъий огоҳлантирилди, Чирчиқ шаҳар ҳокимига «ҳайфсан» берилди.
Бугунги кунда барча даражадаги раҳбарларнинг энг катта вазифаси – электр ва газ тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаб бериш. Лекин тегишли соҳалар мутасаддилари буни уддалай олмаяпти.
«Ҳудудий электр тармоқлари» раҳбари Мустафоев, «Ўзтрансгаз» раҳбари Норматов ва «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Абдуллаев ҳам лавозимидан озод этилиб, уларга вазифасини бажарувчи лавозимида 3 ой синов муддати белгиланди.
«Агар тармоқ корхоналарининг айрим молиявий масалалари вақтида ечиб берилганда, даромадларининг бир қисми инвестиция қилиниб, тармоқларни янгилашга йўналтирганда вазият бунчалик оғир бўлмас эди», — деди Мирзиёев.
Бу масалада ҳам масъуллар эътиборсизлик қилгани танқид қилинди.
Энди бутунлай бошқача тизим бўлиши – стратегик корхоналар Стратегик ислоҳотлар агентлигига ўтказилиши белгиланди.