Тошкент вилояти Паркент туманида бир неча йиллик дарахтлар кесиб ташланаётгани айтилган хабар ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ҳокимлиги муносабат билдирди.
Мазкур ҳолат Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекция ҳамда Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси масъуллари билан ҳамкорликда жойига чиқиб ўрганилганда, Паркент тумани Ободонлаштириш бошқармаси томонидан Давлат хизматлари агентлигига 2022 йил 25 октябрь куни йўлланган аризада қуриётган ёки қуриб қолган 6 туп ёввойи олма, 16 туп терак, 12 туп Зарафшон арчаси, 25 туп паст бўйли қайрағоч, 8 туп шумтол, 6 туп заранг баргли чинор дарахтларини кесишга рухсат сўралган.
"Бироқ, Красногорск қўрғони ҳудудидаги "Ойдин", "Тойбулоқ", “Саид ота", "Файзобод" маҳалласи ҳудудлари кўздан кечирилганда жами 57 туп кўп йиллик соғлом дарахтлар таг қисмидан ноқонуний кесилганлиги аниқланди", — дейилади хабарда.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари давом этмоқда ва натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади.