Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев "Ilga Europe" номли бир жинсли жуфтликларни қўллаб қувватловчи (ЛГБТ) ва бошқа бир қатор шундай ташкилотлар Ўзбекистон қонунчилигидан бесоқолбозлик (эркак билан эркакнинг жинсий алоқа қилиши)ни таъқиқловчи нормани чиқариб ташлаш ҳақидаги Ўзбекистон президентига мурожаатига ўз муносабатини билдирди.
Депутат демократия йўлида инсон табиатига мос бўлмаган ҳаракатларни қўллаб қувватлашдан бўлак ҳар нарсага чидаш мумкин, аммо эркак билан эркакнинг ўзаро эр-хотин сифатида турмуш кечириб, муносабат қилишларини ҳеч қачон қабул қилиб бўлмайди, деб ҳисоблайди.
“Эркак билан эркакнинг ўзаро эр-хотин сифатида турмуш кечириб, муносабат қилишларини ҳеч қачон қабул қилолмайман. Ва токи тирик эканмиз Ўзбекистонда бундай бемаъни ҳаракатга қонунан рухсат берилмаслигига ишонаман.
Рухсат берилган кун бизнинг ўлганимиз бўлади”, деб ёзади Расул Кушербаев.
Шунингдек, депутат, жамият ривожи учун одамларга фойдаси тегадиган, келажак авлод фаровонлигига хизмат қиладиган таклифлар “тиқилиб ётиши”га қарамасдан мазкур ташкилотларнинг илгари сураётган таклифларини “қолипга сиғмайдиган иш” дея таъкидлайди.
“Агар бу инсон ҳуқуқларига зид, дейишса тупурдим бундай ҳуқуқига. Миллат, халққа дўст одам, якуни авлодларнинг жисмонан йўқ бўлиши билан тугайдиган бундай мантиқсиз, аксилтабиий таклиф билан чиқмайди. Демак уларнинг бизга асли ким экани ва мақсади нима эканлигини тушуниб олаверинг.
Яшасин эркаклар эркаклигича, аёллар аёллигича қоладиган жамият”, дейди депутат ўзининг Telegram каналида.