Ўш вилояти Қора-Сув тумани Телман қишлоғида Қирғизистонни Ўзбекистон билан боғловчи узунлиги 270 метр бўлган ер ости туннели топилди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб Knews.kg нашри хабар берди.
Қайд этилишича, туннель 15 метр чуқурликда қазилган, кириш ўлчамлари 1,8, кенглиги 1,5 метр. Кириш жойидан чегара чизиғигача бўлган масофа 40 метрга етади.
Туннель топилган ҳудуд эгаси М.А.М.га нисбатан ҳозирда Жалолобод вилоятидаги Қизил-Жар руҳий касалликлар шифохонасида ётгани сабабли ақли расолиги юзасидан иккинчи экспертиза ўтказиш режалаштирилган.
Ҳозирда қурол-яроғ ва жиноят ашёларини олиб қўйиш ишлари олиб борилмоқда.