Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўз лавозимини тарк этиши мумкин. Бу ҳақда давлат раҳбари Туркманистон Миллий Генгеш халқ маслахати йиғилишида маълум қилди.
Гурбангули Бердимуҳамедов бугунги кунда у ҳукумат раиси, армия қўмондони, хавфсизлик кенгаши раиси, Халқ маслаҳати раиси сифатида иш олиб бораётганини эслатиб, икки йил аввал пайғамбарлик ёшига етганини ва бугун ўзи ҳақидаги қийин қарорни муҳокама қилмоқчи эканлигини таъкидлади.
"Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида давлат бошқаруви йўлини маънавий муҳитда ва замонамизнинг юксак талаблари асосида тарбияланган ёш етакчиларга бериш керак, деган фикрни қўллаб-қувватлайман. Мен Халқ Маслаҳати раиси сифатида катта ҳаётий ва сиёсий тажрибамни бундан буён ҳам ушбу соҳага йўналтириш ниятидаман", - деди президент Гурбангули Бердимуҳамедов.
Давлат раҳбари юртдошларини бундан буён ҳам жонажон ватани, мард халқи, авлодлари фаровон ҳаёти, буюк тақдири йўлида бор куч-ғайратини аямаслигига ишонтирди.