Соат 06:19 да Тожикистон ҳудудидан ўтувчи 500 кВ кучланишли «L-503» электр узатиш тармоғида авариявий узилиш юз берган. Дастлабки маълумотларга кўра, мураккаб рельефли адирлик ҳудудида жойлашган таянчлардан бири ноқулай об-ҳаво шароити таъсирида қулаб тушган.
Натижада автоматик ҳимоя тизими ишга тушиб, ушбу тармоқ орқали электр энергияси узатилиши вақтинча тўхтаган. Бу айрим истеъмолчиларнинг электр таъминотида узилишларга сабаб бўлган.
Ҳозирда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ мутахассислари ва авария-тиклаш бригадалари Тожикистоннинг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорликда таъмирлаш ишларини олиб бормоқда.
Ишлар якунлангунга қадар Фарғона водийси вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотига вақтинчалик чекловлар киритилади.
Энергетика вазирлиги маълум қилишича, водийга электр энергияси бошқа тармоқлар орқали ҳам етказиб берилади. Жумладан, Фарғона вилояти «Янги Ангрен» ИЭСдан чиқувчи 500 кВ кучланишли «L-524» тармоғи орқали ҳам электр билан таъминланади.
Вазият вазирликнинг доимий назоратида. Таъмирлаш ишларининг бориши ҳақида қўшимча ахборот бериб борилади.
Изоҳ