Президент Ўзбекистон–Уммон бизнес-форумининг очилиш маросимида иштирок этди. Тадбирда Уммон Бош вазири ўринбосари Зеязин бин Ҳайсам Ол Саид, икки мамлакат ҳукуматлари аъзолари, йирик компаниялар раҳбарлари ва ишбилармон доиралар вакиллари қатнашди.
Давлат раҳбари икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга етказиш мақсадини илгари сурди. Шунингдек, ташриф доирасида умумий қиймати 5 млрд доллар бўлган аниқ қўшма лойиҳалар портфели шакллантирилгани маълум қилинди.
Ҳамкорликнинг бешта устувор йўналиши сифатида саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, замонавий шаҳарсозлик ва туризм, минерал ресурсларни ўзлаштириш, молия ва рақамли технологиялар белгиланди.
Хусусан, Уммон компаниялари билан кабель ва трансформатор маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқариш ҳамда уларни қўшни мамлакатларга экспорт қилиш бўйича келишувга эришилган.
Транспорт соҳасида Соҳар шаҳрида логистика инфратузилмасини яратиш, ягона савдо-логистика платформасини шакллантириш, авиақатновлар сонини ошириш ва юк рейсларини йўлга қўйиш таклиф этилди.
Шунингдек, Янги Тошкентда Уммон инвесторлари иштирокида «Маскат» квартали қурилиши режалаштирилган. Кимё саноати, геология-қидирув ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш бўйича ҳам қўшма инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган.
Молия ва рақамли технологиялар соҳасида эса сунъий йўлдошларни учириш бўйича қўшма корхона ташкил этиш устида иш олиб борилмоқда.
Шавкат Мирзиёев келишувларнинг амалий натижаси муҳимлигини таъкидлаб, Уммон тадбиркорларини Ўзбекистондаги истиқболли лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақирди.
Изоҳ