Рақобат қўмитаси 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида келиб тушган мурожаатлар асосида кўп квартирали уй-жой қурилишида улушли иштирок этиш бўйича 132 та қурувчи ташкилотнинг шартномаларини таҳлил қилди.
Ўрганиш Тошкент шаҳри ва 11 та вилоятдаги қурилиш ташкилотларини қамраб олди. Энг кўп шартнома Тошкент шаҳрида — 17 та, Наманган, Навоий ва Тошкент вилоятларида 15 тадан таҳлил қилинди.
Таҳлил давомида шартномаларда қатор камчиликлар аниқланди. Жумладан, 77,3 фоиз шартномада шартнома бекор қилинганда тўланган маблағни қайтариш муддати белгиланмаган ёки у дастлабки тўлов муддатига мувофиқ эмас. 63,6 фоиз шартномада хонадон қабул қилиб олингандан кейинги кафолат муддати кўрсатилмаган.
Шунингдек, 59,1 фоиз шартнома фақат қурувчининг манфаатларини кўзлаб тузилган. 54,5 фоиз шартномада кафолат даврида аниқланган нуқсонларни бартараф этиш мажбурияти, 50,8 фоизида эса қурилишни якунлаш кечиктирилгани учун қурувчи тўлайдиган пеня назарда тутилмаган.
33,3 фоиз шартномада объектни топширишнинг аниқ муддати белгиланмаган, 30,3 фоиз шартнома давлат тилида эмас, рус тилида тузилган. 49,2 фоиз шартномада истеъмолчилар ҳуқуқларини камситувчи бошқа шартлар мавжудлиги аниқланган.
Қўмита маълумотига кўра, айрим шартномаларда истеъмолчи ташаббуси билан шартнома бекор қилинганда тўланган маблағнинг 4–15 фоизини ушлаб қолиш, пулни хонадон қайта сотилгандан кейингина қайтариш, нархни бир томонлама ошириш ҳамда харидорга нисбатан юқори пеня белгилаш каби шартлар ҳам мавжуд.
Аниқланган камчиликлар юзасидан қўмита тегишли инстанцияларга таклифлар киритди.
Қўмита фуқароларга кўп квартирали уйдан хонадон сотиб олишда шартномани имзолашдан олдин диққат билан ўрганиш ва ҳуқуқшунос билан маслаҳатлашишни тавсия қилди. Қонунга зид ёки ҳуқуқларни чекловчи шартлар аниқланган тақдирда ваколатли давлат органлари ёки судга мурожаат қилиш лозим.
Изоҳ