• БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 09:35

Чирчиқ дарёси бўйида 100 гектарлик ҳудудда инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилмоқда

Пойтахтнинг Сергели туманидаги «Фароғатли» ва «Қурувчилар» маҳаллаларида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларини ривожлантириш кўзда тутилмоқда. Дарё бўйида фавворалар, болалар ва спорт майдончалари, сайр йўлаклари ҳамда кўчма савдо нуқталари ҳам ташкил этилиши мумкин.

99
0
Toshkent shahar hokimligi

«Чирчиқ дарёси бўйидаги Сергели туманида жойлашган 100 гектар майдонда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ҳужжатда Сергели туманининг «Фароғатли» ва «Қурувчилар» маҳаллалари ҳудудида умумий майдони 100 гектар бўлган ерда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш назарда тутилган.

Лойиҳа ҳудуднинг инвестиция салоҳиятини ривожлантириш, замонавий инфратузилмани яратиш, янги иш ўринларини ташкил этиш ва маҳаллий аҳоли даромадларини оширишга қаратилган.

Хусусан, қуйидаги йўналишлар белгиланган:

• ҳудуднинг бош режасига мувофиқ замонавий ишлаб чиқариш, инвестиция ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш;

• юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва замонавий хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;

• маҳаллий аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар учун доимий иш ўринларини яратиш;

• муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш;

• ҳудуднинг туристик, рекреацион ва саноат салоҳиятидан фойдаланиш;

• ресурс тежовчи, энергия самарадор ва экологик хавфсиз технологияларни жорий этиш;

• Чирчиқ дарёси бўйидаги яшил ҳудудларни сақлаш ва кенгайтириш.

Лойиҳани амалга ошириш ер ва сувни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик, Тошкент шаҳрининг бош режаси ҳамда ҳудуднинг мастер-режаси талабларига мувофиқ бўлиши белгиланган. Чирчиқ дарёсининг сувни муҳофаза қилиш зоналарида амалдаги қонунчиликда тақиқланган хўжалик фаолиятини амалга ошириш мумкин эмас.

Лойиҳа доирасида истисно тариқасида фавворалар, болалар ва спорт майдончалари, интерактив зоналар ҳамда йўлаклар қуришга, шунингдек, кўчма савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштиришга рухсат бериш таклиф этилмоқда. Бунда ҳудуд Тошкент шаҳрининг бош режасида белгиланган консервация зонаси мақомини сақлаб қолиши керак.

Ушбу ишларни амалга оширишда дарахтларнинг сақланишини таъминлаш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига қатъий риоя этиш талаб қилинади.

Бундан ташқари, инвестор зиммасига дарёнинг сувни муҳофаза қилиш зоналари ва қирғоқбўйи ҳудудларини ободонлаштириш, санитария жиҳатидан тозалаш, қирғоқларни мустаҳкамлаш ҳамда зарурат бўлганда ҳимоя иншоотларини қуриш мажбурияти юкланади.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига ҳудуднинг экологик ҳолатини ўрганиш, мавжуд дарахт ва буталарни хатловдан ўтказиш, шунингдек, дарёнинг сувни муҳофаза қилиш зоналари ва қирғоқбўйи минтақаларига қўйилган талабларга риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш топширилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, шаҳар ҳокимияти ҳудудни электр энергияси, газ, ичимлик ва техник сув таъминоти, канализация тизимлари ҳамда автомобиль йўлларига улаш имкониятларини ўрганиши керак бўлади.

Алоҳида равишда маҳаллий аҳоли манфаатларини ҳисобга олиш, бўлажак лойиҳа ҳудудида жойлашган турар ва нотурар объектлар ҳуқуқ эгалари билан очиқ муҳокамалар ўтказиш ҳам назарда тутилган.

99
0

Изоҳ