Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда пиёз нархи қимматлашаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вазирлик маълумотига кўра, жорий йилда республика бўйича 1,5 миллион тонна пиёз етиштириш ҳисоб-китоб қилинган. Бу аҳолининг тиббий меъёрлар асосидаги истеъмол талабидан 400 минг тонна ёки 35 фоизга кўп.
Жумладан, Сурхондарё вилоятида 2026 йилнинг 9 ойида 387,1 минг тонна пиёз етиштирилган. Унинг 120 минг тоннаси ички истеъмолга, 46 минг тоннаси экспортга йўналтирилган, қолган қисми эса республика ҳудудларига етказиб берилган.
Вазирликнинг таъкидлашича, айни пайтда Сурхондарёда 2026 йил ҳосилидан пиёз қолмаган. Шу сабабли вилоят бозорларидаги талабни қондириш учун Жиззах ва Самарқанддан пиёз олиб келинмоқда. Бу жараёнда транспорт-логистика харажатлари ҳам маҳсулот нархига таъсир кўрсатмоқда.
Жиззах вилоятида пиёзнинг 1 килограмми деҳқонлардан 2 600–3 300 сўмдан, Самарқандда эса 2 800–3 000 сўмдан харид қилинмоқда. Транспорт харажатлари қўшилганда, маҳсулотнинг етказиб бериш таннархи Жиззахдан олиб келинганда 2 950–3 650 сўмни, Самарқанддан келтирилганда 3 150–3 350 сўмни ташкил этмоқда. Деновга етказиб беришда эса бу кўрсаткич 3 400–3 500 сўмга етади.
Ҳозирда Сурхондарё бозорларида пиёзнинг чакана нархи 1 килограмм учун 4 000–4 500 сўм атрофида шаклланган. Вазирлик таҳлилларига кўра, айрим ҳолларда маҳсулотнинг харид ва етказиб бериш таннархи билан сотув нархи ўртасида сезиларли фарқ кузатилмоқда. Ушбу фарқ таннархга нисбатан 9,6 фоиздан 52,5 фоизгача етиши мумкин.
Маълум қилинишича, пиёз нархига маҳсулот етиштиришнинг мавсумий хусусияти, бошқа вилоятлардан ташиш харажатлари, ёқилғи-мойлаш материаллари ва логистика хизматлари қиймати таъсир қилмоқда. Шунингдек, айрим олиб-сотар тадбиркорларнинг савдо маржаси 25 фоиздан 50 фоизгача етаётгани ҳам нарх шаклланишида муҳим омил бўлмоқда.
Вазирлик маълумотига кўра, 2026–2027 йиллар қиш-баҳор мавсуми учун республика ҳудудларида 102,8 минг тонна пиёзни захирага жамғариш ишлари олиб борилмоқда. Унинг 2 750 тоннаси Сурхондарё вилояти ҳиссасига тўғри келади. Захирадаги маҳсулотни ички бозорга интервенция қилиш ва махсус савдо расталарида арзонлаштирилган нархларда сотиш орқали пиёз нархини барқарорлаштириш имконияти мавжуд.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пиёзни қимматроқ сотиш мақсадида бозорга чиқармасдан сақлаб туришга уринаётган айрим шахслар ва тадбиркорларни огоҳлантирди. Маҳсулот узоқ сақланганда вазнини йўқотиши ва сифати бузилиши мумкин.
Вазирлик ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш ва мавжуд ҳосилни самарали реализация қилиш чоралари муҳимлигини таъкидлади.
Изоҳ